Сайёрамизга чанг солган пандемиядан бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз сайёҳлик соҳаси ҳам жиддий зарар кўрди.
Муносабат
Президентимиз жорий йил 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ички туризм имкониятларидан янада унумлироқ фойдаланиб, соҳага хизмат қилувчи йўлдош тармоқларда иш жойлари ташкил этиш, диққатга сазовор масканлар ва қадимий шаҳарларга саёҳатлар уюштиришга алоҳида эътибор қаратди.
Сайёрамизга чанг солган пандемиядан бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз сайёҳлик соҳаси ҳам жиддий зарар кўрди. Жаҳонда шундай оғир, қалтис вазият юзага келган бир шароитда соҳага алоҳида аҳамият берилаётгани туризм ва унга йўлдош тармоқларда кўзга ташланмас бу офат таъсирини юмшатишга хизмат қилаётир.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши карантин қоидалари жорий этилганидан бошлаб, туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Уларга турли имтиёз ва переференциялар қўлланилаётир. Хусусан, Президентимизнинг шу йил 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони соҳани босқичма-босқич тиклашнинг энг самарали йўлларини белгилаб берди. Бу сафарги видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда янги ички туризм маршрутлари очиш, кўчма дам олиш масканларини кўпайтириш, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини юксалтириш юзасидан тегишли вазифалар топширилди.
Вилоятимизда бу йўналишларда катта салоҳият мавжуд. Қадимий воҳа ноёб маданий ёдгорликлари ва табиий мерос объектларига бой ҳудуд. Зиёрат, буддизм, агро, саноат, экологик ва соғломлаштириш, гастрономик туризми йўналишларига дунё аҳли катта қизиқиш билдиргани ҳам бежиз эмас.
Пандемия шароитида ҳам вилоятнинг жозибадор туристик имкониятларидан янада унумли фойдаланиш бўйича белгилаб олинган вазифалар изчил давом эттирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги «Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётир. Мазкур ҳужжатга асосан 2020-2021 йилларда воҳанинг туристик инфратузилмасини ривожлантириш тубдан ўзгаради.
Хусусан, вилоятнинг ҳудудий инвестиция дастури доирасида 20 та замонавий меҳмонхона қурилиб, 1 минг 110 дан зиёд янги жойлаштириш ўринлари яратилади. 170 ўринга мўлжалланган 4 та соғломлаштириш маркази ташкил этилиб, 487 ўринга мўлжалланган 60 та оилавий меҳмон уйлари барпо этилади. Йирик зиёрат туризми объектлари атрофида 6 та ҳунармандчилик марказлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади.
Термиз халқаро аэропортига Япония, Корея, Ҳиндистон, Хитой, Туркия каби қатор давлатлардан авиақатновларни йўлга қўйиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона йўналишларида мавсумий авиақатновларни ташкил этиш режалаштирилган. Автомобиль йўллари инфратузилмаси шакллантирилиб, сайёҳларга хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш, туристлар учун кўнгилочар масканлар, савдо марказлари, аквапарклар барпо этиш, сўлим ва бетакрор манзараларга бой ҳудудларда кичик туризм зоналари қуриш бўйича ҳам йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилади. Зиёрат, агро, археология туризмлари тубдан ривожлантирилади.
Қарорда соҳага малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малака кўникмаларини ошириш йўллари ҳам белгилаб берилган. Вилоятнинг бой туристик салоҳиятидан янада оқилона фойдаланишда «Олтин учбурчак» лойиҳасининг амалга оширилаётгани, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини юксалтиришга эътибор кучайтирилаётгани ҳам аҳамиятли бўлди. Зеро, бу борада олиб борилаётган ишлар туризм ва унга боғлиқ тармоқларда минглаб янги иш ўринлари ташкил этишга қулай муҳит яратаётир.
Давлатимиз раҳбари кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги сайёҳлик имкониятларидан тўла фойдаланилмаётганини алоҳида таъкидлаб, халқимиз орасида уларни билмайдиганлар, кўрмаганлар ҳали ҳам кўплигини қайд этди. Бу тавсиялар асосида вилоятнинг пандемия юмшаётган ва «яшил» ҳудудга айланган гўшаларида мавжуд тарихий-маданий, археологик, зиёрат туризми объектларига мароқли саёҳатлар уюштиришга эътиборни кучайтиришни режалаштириб олдик.
Зафар НОМОЗОВ,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи