ЎзА Ўзбек

08.01.2020 Чоп этиш версияси

​Сурхондарё вилояти ҳокими мажбурий обуна, ​таъмирталаб йўллар ва "ППС" ҳақидаги саволларга жавоб берди

​Сурхондарё вилояти ҳокими мажбурий обуна, ​таъмирталаб йўллар ва "ППС" ҳақидаги саволларга жавоб берди

ЎзАда “ВИЛОЯТ ҲОКИМИ МИНБАРИ” лойиҳаси 5 январдаги меҳмони Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра БОБОЛОВ бўлган эди. Суҳбатдан кейин вилоят ҳокимига ижтимоий тармоқларда турли мурожаатлар бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов ижтимоий тармоқлар орқали берилган саволларга жавоб берди:

Савол: – Сурхондарё вилояти ҳокимияти томонидан “Сурхон оқшоми” газетасига мажбурий обуна ўтказилаётганини қандай изоҳлайсиз? Вилоятдаги ташкилотларда ишлаётган ходимларга яратилган шароитлар, хусусан ҳокимият томонидан кечки вақтда мажлислар ўтказилиши натижасида ходимлар меъёридан ортиқ ишламоқда. Бунинг учун уларга қўшимча ҳақ тўланадими?

Жавоб:  Вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий ҳамда Республика газета ва журналларига обунанинг бориши бўйича мониторинг олиб борилади. Лекин мажбурий тартибда обунани ташкиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилмайди. Қолаверса, вилоятда “Сурхон оқшоми” номи билан чоп этиладиган газетанинг ўзи йўқ.

Ўтказилган мониторингларда айрим таълим муассасалари, ташкилот ва идоралар томонидан бирор бир газета, журналга умуман обуна бўлмаган ҳолатлар учради. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилмаган, амалга ошираётган ишларини ёритмаган, умуман дунёда бўлаётган янгиликлардан хабардор бўлмаган раҳбар ташкилотининг келажагини қандай тасаввур қилади. 

Маълумки, ташкилот, идора ва муассасаларнинг йиллик харажатлар сметасида маҳаллий ва Республика газета, журналларига обунани ташкил этиш бўйича маблағлар режалаштирилади.

Ташкилот ва муассасалар томонидан обуна учун режалаштирилган маблағлардан тўғри фойдаланмаганлиги оқибатида раҳбарларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган жазо чоралари қўлланилмоқда. 
Шу ўринда, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти жойлашган эски таъмирталаб бино реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминлангани, барча таҳририятларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилганини қайд этиш лозим. 

Иккинчи масала бўйича ҳақиқатдан тан олиш керак, ўтган йилларда кечки пайт соат 21, 22 ларда ҳам ҳокимликларда йиғилишлар ўтказилган. Мен ўзим ҳам ташкилот раҳбари ёки ўринбосари бўлган вақтларимда қийналиб қатнашганман.

Лекин, Муҳтарам Президентимизнинг берган топшириқлари асосида мана икки йилдирки, кеч соат 21 ёки 22 да йиғилиш ўтказилганини эслай олмайман. 

Бундан ташқари, ходимларга яратилган шароитлар ҳақида гапирадиган бўлсак, замон билан ҳамнафас бўлган раҳбар, ташкилотининг обрў-эътибори учун курашади ва ходимларига етарли шарт-шароит яратиб беради.

Тўғри, агар ходим хизмат сафарида ёки касаллик варақасида, жайдари тилда айтсак, тўй-таъзияда бўлган вақтларида келган ҳужжатларининг муддатини бузмаслик учун ихтиёрий равишда кечки вақтларда ишлаётган бўлиши мумкин.

Лекин, давлатимизнинг амалдаги қонунларига асосан ишдан ташқари вақтларда ишлаган ходимлар учун устама ҳақлар тўланиши белгиланган. 

Савол: – “Денов-Бойсун” туманларини боғлайдиган йўллар жуда ҳам таъмирталаб аҳволда. Бу йўлларнинг охирги марта қачон таъмирланганини ҳеч ким эслолмайди?

Жавоб: – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 апрель ва 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси 17-сонли мажлис баёни 11.1-бандида “Бойсун-Денов” йўналишидаги узунлиги 111 километр бўлган 4Р-105 “Дарбанд қ.-Бойсун ш.-Элбаён қ.” автомобиль йўлининг 5-70 км. (65 км) қисми ҳамда 4Р-100 “Мангузар қ.-Жарқўрғон ш.-Бандихон қ. - Олтинсой қ.-Денов ш.” автомобиль йўлининг 128-174 км. (46 км) қисмини 4 тасмали цементобетон қопламага ўтказган ҳолда, реконструкция қилиш ишлари учун халқаро молиявий институтлар маблағларининг жалб қилинишини таъминлаш топшириғи берилган.

Бугунги кунда, бош лойиҳачи “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ ва ёрдамчи лойиҳачилар томонидан лойиҳа-қидирув ишларининг якуний босқичи олиб борилмоқда.

Мурожаатда кўрсатилган “Бойсун-Денов” йўналишидаги узунлиги 111 км бўлган автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишларига топшириқ бўйича халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш юзасидан “Осиё тараққиёт банки” билан музокаралар олиб борилган ва уларнинг ижобий хулосаларига эришилган, Таъмирлаш ишлари 2020-2021 йиллар оралиғи бошланиши кутилмоқда. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқарога “Бойсун-Денов” йўналишидаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш бўйича Республика доирасида барча чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қиламиз.

Савол: – Тижорат уйларни нархларини назорат қилиш имкони борми? Ойига 2-2.5 миллион ойлик оладиган ходимнинг кредитга ойига 5-5.5 миллион сўм тўлаш имконияти йўқку? Шу масалани қандай ҳал этиш мумкин? 

Жавоб: – Тижорат уйларининг нархларини назорат қилиш имкони йўқ. Сабаб мазкур уй-жойлар тижорат банклари кредитлари ҳисобига пудратчилар яъни тадбиркорлар томонидан даромад олиш мақсадида бир бирига ўхшамаган ташқи кўриниш ва дизайнни шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларидан келиб чиққан ҳолда замонавий лойиҳалар асосида қурилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли Фармонига асосан Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонларида 2020 йил қишлоқ жойларда ва шаҳарларда янги тартибга мувофиқ кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва аҳолининг уй-жойларга мухтож бўлган қатламлари учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар тўланиши кўрсатиб ўтилган.

Савол: – Вилоятимизда халқ тилида ППС дейилади, яъни тунги хизмат ходимлари фуқароларга қўпол муомалада бўлмоқда? Вилоят раҳбари сифатида бу борада чора кўришингиз мумкинми?

Жавоб: – Ҳурматли фуқаро! Сизнинг “чора кўриш” деганингиздан 2 хил маъно келиб чиқади.

Биринчиси, Сиз айтган ҳолатда фуқарога қўполлик қилган ички ишлар органлари ходими, жумладан, ППХ ходимига бирон бир таъсир чораси кўриш, масалан, маълум бир жавобгарликка тортиш тушунилса...

Иккинчиси, мана шундай ҳолатлар содир этилмаслиги учун бирон бир чора (тадбир)лар кўриш, масалан, Сиз айтган ҳолат содир бўлганда зудликда хабар берилиши учун тезкор алоқа хизматларини таъминлаш, ходимларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш учун тегишли тадбирлар белгилаш кабилар.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 18 апрель кунидаги 111-сон буйруғига асосан фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш таъкидланган. Унга кўра, фуқароларнинг мавқеидан қатъи назар ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларнинг камситилиши ёки афзал кўрилиши ҳолатларига Ички ишлар органлари ходимлари томонидан йўл қўйилмайди.

Агарда икки ва ундан ортиқ камчиликка йўл қўйган, ўз вазифаларини бажаришда бепарво, спиртли ичимлик истеъмол қилишга, носоғлом ва ахлоққа зид ишқий муносабатга киришишга, таъмагирликка мойил, фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлаётганлиги ҳақида ички ишлар органлари ходимлари, хусусан патруль-пост хизмати (ППХ) ходимларига нисбатан фуқаролар томонидан асосли мурожаатлар келиб тушган тақдирда таъсир чораларини кўришга ваколатли орган ҳисобланган вилоят Ички ишлар бошқармаси ва унинг шаҳар-туман Ички ишлар бўлимларига тўғридан тўғри мурожаат қилишлари мумкин.

Бу каби мурожаатлар ҳокимликка келиб тушганда, вилоят ҳамда шаҳар-туман ҳокимлари ваколатлари доирасида ички ишлар органлари ходимининг хатти-ҳаракати юзасидан ички ишлар ёки прокуратура органларига тақдимнома киритиш ваколатига эга.

Ушбу тақдимномага асосан, ходим хатти-ҳаракати юзасидан хизмат суриштирув ишлари олиб борилиб, ходимнинг хизматда қолиш-қолмаслиги масаласи ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100-моддасига кўра, ҳоким қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга ваколатли бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига кўра, ҳудудда жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриш билан бир қаторда қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

Вилоят ҳокимлигида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар содир этилганда мурожаат қилишлари учун туну кун фаолият юритувчи “Ишонч” телефони, вилоят ҳокимининг Телеграм хизматлари жорий этилган. Бундай ҳолатларда фуқаролар мазкур алоқа воситалари орқали вилоят ҳокимлигига мурожаат этишлари мумкин.

Савол: – Вилоятда фаолият юритаётган блогерлар, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ёшлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашганингизни кўрдик. Сиз блогерлар билан ҳамкорликда ишлаш тизимини йўлга қўйганмисиз? Шундай савол беришимни сабаби, Сурхондарё вилояти бўйича ҳалиям салбий постларни ижтимоий тармоқда кўряпмиз. Ўзи-ку Сурхондарё вилоятида саноқли блогерлар бор, шу блогерлар билан ҳамкорликда ишласа, салбий постларни ижтимоий тармоқда кўрмасди аҳоли. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва блогерлар воҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Жавоб: – Сурхондарё вилоятида блогерлар саноқли бўлиши мумкин, лекин ижтимоий тармоқ фаоллари талайгина. Вилоят ҳокимлигида нафақат сурхондарёлик блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари, балки ижтимоий тармоқлардаги бошқа йирик каналлар ва гуруҳлар администраторлари билан ҳамкорликда ишлаш тизими йўлга қўйилган. 

Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, улар вилоят ҳаётига оид салбий материалларни тармоқда улашишдан олдин менинг телеграмдаги +998973501847 рақамим ёки “Ijtimoyi tarmoq faollari”, деган ном билан очилган группа орқали тақдим этишади. Тақдим этилган ушбу муаммо ва камчиликлар зудликда ўрганиб чиқилиб, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда ёки ҳолат юзасидан ҳуқуқий тушунчалар бериб борилмоқда. Натижада кўплаб салбий ҳолатларга ижтимоий тармоқда ёритилмасдан жойида ижобий ечим топилмоқда.

Шу ўринда сурхондарёлик блогерлар ва ижтимоий тармоқларда фаол ёшларимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишда, жойларда бўлаётган ўзгаришларни ижтимоий тармоқларда кенгроқ ёритишда фаоллик кўрсатишаётганини ҳам алоҳида таъкидлашим зарур. Биз блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш чораларини кўрамиз, албатта.

Савол: – Вилоятнинг тоғли ҳудудларида келгусида туризмни ривожлантириш учун қандай режаларни амалга ошириш кўзда тутилган?

Жавоб: – Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, Бойсун туманидаги Омонхона, Дарбанд қишлоғи ва Зовбоши тоғли ҳудудини қамраб оладиган Бойсун тоғ туризми кластери, Сариосиё ва Узун туманларидаги Хонжиза тоғ тизмалари ёнбағри ҳамда Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғи ҳудудида Сариосиё тоғ туризми кластери фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, Шеробод тоғ туризми кластери таркибига Шалқон қишлоғи, Хўжаикон туз кони атрофи ва ҳудуддаги анорзор ҳамда бошқа мевали боғ-роғлар киритилади.

Бойсун туманидаги машҳур “Омонхона” шифобахш булоғида, Шеробод туманидаги туз конида ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок олтингугуртли сув булоғи атрофида тиббиёт туризмини ривожлантириш кўзда тутилган. 

Ўтган йили Бойсун туманида Омонхона қишлоғи, Зовбоши тоғли ҳудудларини ўз ичига олган Бойсун кичик туризм зонаси ташкил этиш бўйича Туркия Республикасининг "IdeaLIST" шаҳарсозлик, кўчмас мулк инвестиция компанияси билан тузилган шартномага асосан, бу масканнинг бош лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳага кўра, Бойсун туманининг Омонхона қишлоғидан Зовбоши тоғли ҳудудигача бўлган ҳудудда анъанавий қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи 3 та кичик – маданий, тиббий ва табиат туризми марказлари ташкил этилади.

Маданий туризм марказида маданият маркази, ҳунармандчилик санъати устахоналари, масжид, тадбирлар ўтказиладиган майдон, ўтовлар мажмуаси ойнали айвон, автотураргоҳ ва техник хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади.

Табиат туризми марказида меҳмонхона, савдо, гастрономик ва маъмурий мажмуалар, тиббий муассасалар, виллалар ҳамда эко боғлар жойлаштирилса, тиббий туризм марказида тоғ-дор йўли бекати, майдон, масжид ва меҳмонхоналар қурилади.

Туризм марказлари тоғ-дор йўли линиялари орқали ўзаро боғланади. Шунингдек, пиёда сайр қилиш йўллари, эркин тоғ веломаршрути ташкил этилади.

Ушбу лойиҳани 4 босқичда 20 йил давомида амалга ошириш белгиланган.

Сурхондарё вилоятининг тоғли ва тоғолди ҳудудлари ўзининг кўнгилочар, гўзал ва бетакрор манзаралари билан дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор вилоятнинг ана шу салоҳиятидан янада унумли фойдаланиб, иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис ҳам, бу соҳага эътиборни янада кучайтириб, мазкур ҳудудларни ободонлаштириш, сайёҳларга қулай инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар бошланаяпти. Буларнинг барчаси воҳанинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда тоғли ҳудудларда янги иш ўринлари барпо этиб, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Савол: – Президентимиз 2019 йил 27-декабрь куни ёшлар масаласи бўйича йиғилиш ўтказди. Сиз ушбу мажлисдан кейин Сурхондарё ёшлари учун қандай дастур ишлаб чиқдингиз?

Жавоб: – Муҳтарам Президентимиз мамлакатимиз келажаги бўлган ёшлар билан учрашув ўтказиб, олдимизда турган энг долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Шу нуқтаи назардан биз ҳам ёшларимиз билан алоҳида учрашишни ва уларнинг муаммоларини ҳал этишни режалаштирганмиз. Куни кеча ўтказилган ҳокимлик соатида ушбу масалани атрофлича муҳокама қилдик. 
Хусусан 7 январь куни Термиз туманининг 3 та чекка ҳудудларида ёшлар билан учрашдик.

Термиз туманидаги 28,5 минг гектар майдонни эгаллаган ҳарбий Полигонда ёшлар ва ҳарбийлар билан учрашиб, суҳбатлашдик. Бу ерга арча ва саксовул кўчатлари экишни ёшлар билан биргаликда бошлаб бердик.

Шунингдек, Термиз туманидаги “Сурхон-Керамикс” МЧЖда ҳам ёшлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, мазкур корхонага ҳамда шу маҳаллада фаолиятини бошлаётган “Жалол Омад” МЧЖнинг иссиқхона ва меҳнат гузарида ёшларни иш билапн таъминлашга келишиб олинди. 

Бундан ташқари, Бельгия, Германия, Италия, Туркия ва Хитой давлатларининг технологияси асосида гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдоси билан шуғулланадиган, йилига 4 млн. 500 минг метр квадрат гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “TERMEZ NATIONAL CARPETS” МЧЖ қурилишига пойдевор қўйилди ва шу жойда ҳам ёшлар билан учрашилди.

Бундан кейин, вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича катта режаларни олдимизга қўйганмиз.

Вилоятнинг сектор раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳам худди шундай ёшлар билан учрашиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олган.

8 549
ЎзА