Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.07.2018 00:18 Чоп этиш версияси

Сурхондарё вилояти марказида инновацион жамоат транспорт бекатлари фойдаланишга топширилди

Сурхондарё вилояти марказида инновацион жамоат транспорт бекатлари фойдаланишга топширилди
30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Термиз шаҳрининг ёш тадбиркорлари ҳамкорлигида Сурхондарё вилояти марказида инновацион жамоат транспорт бекатлари фойдаланишга топширилди. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Термиз шаҳрида иккита ақлли бекатнинг қурилиши якунланиб, тўлиқ жиҳозланди, яна саккизта бекатнинг қурилиши давом этмоқда.

Ишга тушган замонавий бекатларга ёзги-қишки кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, “Фуқаро-тезкор ёрдам хизмати” фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет тармоқлари, видео назорати ҳамда USB электр тармоғи нуқталари ўрнатилган. Ҳар бир бекатда қуёш панеллари ҳам бўлиб, бу панеллардан олинадиган энергия бекатнинг ёритгичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр энергияси билан таъминлаш қувватига эга.

Бундан ташқари, бекатдаги одамларнинг сони тўғрисида тезкор маълумотлар тўплаш имконияти ҳам бўлиб, бу йўналишдаги транспортни режалаштиришга шароит яратади. Шунингдек, бекатларда ва уларнинг ён-атрофида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари бўйича тезкор маълумот олиш ҳам мумкин. Бекатларга банк тўлов терминалларининг ўрнатилгани эса аҳоли учун яна бир қулайликдир.

c77b2e60-eb22-4419-97ca-4f45e3913208.jpg

Бекатни жиҳозлашда барча ҳолатлар эътиборга олинган: Учта бўлинмага эга чиқинди қутичалари чиқиндиларни турларига қараб ажратиш имкониятини беради. Бу ўз навбатида аҳолининг экологик маданиятини ўсишига ҳисса қўшади. Бекатларга ўрнатилган пойабзалларни тозалаш ускуналари йўловчиларни саранжом-саришта юришларига, жамоат транспортининг озода сақланишига хизмат қилади.

Инновацион бекатларда қулайликни таъминлаш мақсадида унинг орқа ва ён модуллари уяли поликарбонатли устунлар иборат бўлиб, ламинатланган қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган. Мавсумий иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда бекатлар очиқ ва ёпиқ кутиш залларидан иборат. Шунингдек, ақлли бекатнинг ўзгарувчан ҳаво иқлимига чидамлилигини ошириш мақсадида унинг ички томонида иқлимни назорат қилувчи мосламалар жойлаштирилган.
Бекатларнинг ойналари оддий эмас, инновацион бўлиб, улар кеч тушгач катта экран вазифасини бажаради. Улар орқали турли ижтимоий ва тижорий реклама роликлари намойиш этилмоқда. Бу роликларни бекатни ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам томоша қилиш имконияти мавжуд.

Умуман олганда, ушбу инновацион бекатлар аҳоли учун ҳам, жамоат транспортлари қатнаши учун ҳам замонавий шарт-шароитларни яратиши билан кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Кейинчалик бундай бекатлар республикамизнинг бошқа вилоятларининг шаҳар ва туманларида қурилиши режалаштирилган. Термиз шаҳри ҳокимияти томонидан шаҳарнинг ўзида яна 50 та ақлли бекат барпо этилиши кутилмоқда.

Бу лойиҳанинг ярми давлат маблағлари томонидан молиялаштирилган бўлса, ярми тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Мазкур лойиҳани амалга тошириш учун 28 ёшли тадбиркор Олимжон Саппаровга 14 фоизли имтиёзли кредит ажратилган бўлиб, у бу кредитларни бекатлардан олинадиган даромад ҳисобига қоплаши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бекатларнинг 30 фоиз қисми савдо-сотиқ ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини ташкил қилиш учун мўлжалланган. Шунингдек, уларда кутубхоналар ташкил қилиш ҳам назарда тутилган.


ЎзА
4 630