ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Сурхондарё сайёҳларни мафтун этишни давом этади

Сурхондарё сайёҳларни мафтун этишни давом этади

Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасини диққат билан тинглаб, туризм миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғига айланаётганини янада теранроқ ҳис этдим.

Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланиб, юз бераётган ўзгаришлар чуқур таҳлил қилингани ҳали бу йўналишда бажариладиган ишлар кўлами кенг эканини англатди.

Шу ўринда бир нарсани айтиш керакки, бундан уч йил аввал Сурхондарё вилоятида туризмнинг бугунги ривожланиш ҳолатини тасаввур ҳам қилолмас эдик. Жумладан, 2015 йил воҳага 7 минг 464, 2018 йил 32 мингдан ортиқ, ўтган йили эса 114 давлатдан 120 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келди. Бу кейинги йилларда мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, туризм инфратузилмасини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мевасидир.

Жанубдаги вилоятда бугун зиёрат туризми билан бирга маданий, тиббий ва табиат туризмини жадал ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Туризм кластерларини яратишга киришилмоқда. Шунга асосан Бойсун туманида Бойсун тоғ туризми кластери, Сариосиё ва Узун туманларидаги Хонжиза тоғ тизмалари ёнбағри ҳамда Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғи ҳудудида Сариосиё тоғ туризми кластери, Шеробод туманида Шеробод тоғ туризми кластери ташкил этилади. Бойсун туманидаги машҳур “Омонхона” шифобахш булоғида, Шеробод туманидаги туз конида ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок олтингугуртли сув булоғи атрофида тиббиёт туризми ривожланади.

Туркия Республикасининг “IdeaLIST” шаҳарсозлик, кўчмас мулк инвестицион компанияси билан тузилган шартномага асосан ўтган йили Бойсун туманида Омонхона қишлоғи, Зовбоши тоғли ҳудудларини ўз ичига олган Бойсун кичик туризм зонасининг бош лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, Бойсун туманининг Омонхона қишлоғидан Зовбоши тоғли ҳудудигача бўлган ҳудудда анъанавий қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи 3 та кичик — маданий, тиббий ва табиат туризми марказлари ташкил этиладиган бўлди.

Туризм марказлари тоғ-дор йўли линиялари орқали ўзаро боғланади. Шунингдек, пиёда сайр қилиш йўллари, эркин тоғ веломаршрути йўналишлари ташкил этилади. Лойиҳа 4 босқичда 20 йил давомида амалга оширилади.

Тарихий-меморий обидалари, археологик ёдгорликлари, хушманзара табиати, шифобахш зилол сувлари билан дунё сайёҳларини ўз бағрига чорлаётган Сурхон воҳаси яқин йилларда Термиз шаҳрида қуриладиган япон боғи комплекси билан хорижликларни мафтун эта бошлайди.Шаҳарнинг Бахт боғи ҳудудидаги 4,9 гектар майдонда барпо этиладиган комплекс боғ, меҳмонхона ва марказдан иборат бўлади. Боғда Япониянинг флора дунёсини акс этиб, воҳа иқлимига мос япон беҳиси, сакура, қизил чинор, шамшод, берискелет, ҳинд сирени, араб ва ливан сирени, пальма, юка, агава, розмарин ва бошқа ўсимликлар экилади. Амударё тимсоли акс этган арналар, арналар устида япон услубидаги кўприкчалар (бахт, насиба ва чексизлик кўприклари), боғ ҳудуди бўйлаб айвончалар ва тошлар боғи акс эттирилади.

Комплексда Япония меъморчилиги асосида қуриладиган Рёкан услубидаги меҳмонхона япон миллий маданияти руҳида жиҳозланади. Таркибида япон миллий маданияти ва миллий таомларини тарғиб қилувчи ресторан ўрин олади. Бу кошона Ўзбекистонда японларнинг Рёкан услубида қурилган ягона меҳмонхоналиги билан ажралиб туради ва Термиз шаҳрининг туристик жозибадорлигини оширади.

Таркибига машҳур археолог олим Кюдзо Като кўргазмаси кирувчи Марказий Осиё тарихий-маданий маркази биноси ҳам япон боғи комплексида жойлашади.

Янги тематик боғ Ўзбекистондаги иккинчи япон боғи бўлиб, бу кунчиқар мамлакат ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни яна ҳам мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади, дея бежиз таькидламадилар. Чунки, бу соҳада фойдаланмаётган имкониятларимиз кўп. Хусусан, сув омборларининг муҳофаза зонаси доирасида экотуризмни ривожлантириш учун катта имконият бор. Бундан оқилона фойдаланиш учун воҳадаги учта сув омбори сувини муҳофаза қилиш зоналари ёнида туризм инфратузилмаси объектлари-меҳмонхона, мотеллар, кемпинглар, ресторан, савдо шаҳобчалари, туристик ахборот маркази, автотураргоҳ, санитария-гигиена шаҳобчалари, қутқарув хизмати, селфи майдонлари ва бошқаларни жойлаштириш режалаштириб олинди.

Мурожаатномада илгари сурилган эзгу ғоя ва таклифларга мувофиқ амалга ошириладиган бу ишлар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада оширишга қаратилгани билан эьтиборга сазовордир.

З.АЛИМАРДОНОВА,
Туризмни ривожлантириш
давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий
бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи

2 084
ЎзА