Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 15:04 Чоп этиш версияси

Сурхонда Наврўз сайли бошланди

Сурхондарёга баҳор юртимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда эртароқ келади. Март ойининг дастлабки ўн кунида воҳанинг қир-адирлари, дала-даштлари яшилликка бурканиб, турфа гул-чечаклар бўйи атрофни тутади, бодом, ўрик оппоқ бўлиб гуллайди. Табиатдаги бу ўзгариш одамлар ҳаётига, кайфиятига ҳам таъсир ўтказади. Яна кўкламга етказгани шукронасига шоду хуррамлик билан байрам қилишни бошлаб юборади. Бу йил ҳам шундай бўлди.

Вилоятда Наврўз байрамини умумхалқ сайли сифатида кенг нишонлаш бошлаб юборилди. Тадбирларда халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, бунёдкорлик ва саховатпешалик фазилатлари кенг намоён бўлаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг эзгу ва бетакрор қадриятларини ўзида мужассам этган Наврўзи оламни ҳар бир қишлоқ, туман ва шаҳарда умумхалқ сайли сифатида юқори савияда нишонлашда асл миллий байрамимизга тарихий мазмун, замонавий шукуҳ бағишлади.

– Байрамга тайёргарлик кўришда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир қишлоқ ва маҳаллага хос урф-одат ва анъаналарга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Фирдавс Шарипов. – Сайл дастурларига халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг ноёб намуналари, кекса-ю ёш қалбидан чуқур жой олган қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғулар тараннум этилган куй-қўшиқлар, ўлан, лапар ва достон кабилар киритилгани маҳаллаларда бошланган шодиёнанинг янада жозибали ўтишига хизмат қилмоқда. Тадбирларга таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, жамоат ташкилотлари фаолларидан иборат тарғибот гуруҳлари жалб этилган.

Бойсун туманидаги Тўда маҳалласи пурвиқор Кетмончопти тоғлари бағрида жойлашган. Осмонўпар чўққилар ҳали оппоқ қордан сархуш бўлса-да, қишлоқ адирларида майса бўй кўрсатиб, кўклам ифори эсмоқда. Борлиқ уйғониши билан тўдаликлар ҳам аждодларимиз асрлар давомида безавол асраб келган байрам – шарқона Янги йил бошланишини катта шоду хуррамлик ва тотувликда нишонлайди. Бу йил вилоятда ташкил этилган тарғибот гуруҳининг Наврўзга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлари ҳам Тўдада бошланган халқ сайлларига уланиб кетди.

Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят ва туман бўлимлари ходимлари, Термиз давлат университети ўқитувчилари, истеъдодли талаба-ёшлар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ва таниқли санъаткорлар қишлоқ аҳлини Наврўзи олам билан қутлади. Халқимиз қалбидан чуқур жой олган улуғ айёмнинг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида атрофлича маълумот берилди. Чанқовуз садолари, эл суйган санъаткорларнинг концерт дастури халқ сайлига ўзгача тароват бағишлаб, барчага бир олам завқ-шавқ улашди.

– Давлатимиз раҳбари қарори билан Наврўзни халқ сайли сифатида барча қишлоқ ва маҳаллаларда кенг нишонлаш белгилангани азалий қадрият ва миллий урф-одатларимизга юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди, – дейди “Тўда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Хўжамуродов. – Шунга мувофиқ, маҳалламизда байрам ўтказиладиган майдонлар, уй-жой ва кўча-хиёбонлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди. Гулзорлар барпо этилиб, турли мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Сайл ўтказилаётган майдонда ўтовлар ўрнатилиб, қадимий деҳқончилик асбоб-ускуналари, ҳудуднинг ўзигагина хос кулолчилик буюмлари, гилам, сўзана каби миллий матолар, турли ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўпкари, кураш, арқон тортиш, чиллик, бел қисди, тухум кўтарди каби халқ ўйинлари, миллий таомлар кўрик-танловлари байрамнинг янада мазмунли ўтишига хизмат қилди. Маҳалламизда бугун бошланган Наврўз сайли қадимий анъанага кўра бир ой давом этади. Кўрик-танловлар ғолиблари аниқланиб, муносиб рағбатлантирилади. Кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар берилади.

Тўда маҳалласида 1 минг 700 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 100 ёшдан ошган Қиммат момо Даминова ва Норхол момо Хўжаназарова маҳалланинг пиру бадавлат онахонларидир. Мустақиллик йилларида бутун юртимизда бўлгани каби Кетмончопти тоғи этакларида истиқомат қилаётган Тўда қишлоғи аҳлининг ҳам турмуш шароитини юксалтиришга замин яратилди. Тоғ одамларининг ҳам ҳаётга, меҳнатга муносабати, дунёқараши ўзгарди. Тадбиркорлик, фермерлик оилаларнинг обод ва фаровон турмуш манбаига айланди. Боғдорчилик, миллий ҳунармандлик ривожланмоқда. Бугун биргина тоғли маҳаллада ўттизга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Якка тартибдаги тадбиркорлар тайёрлаётган қадимий услубдаги толтовоқ, ёғоч қошиқ, бешик ва бошқа буюмлар узоқ туманларда ҳам харидоргир. Йигирмадан ортиқ боғдорчилик ва иккита ғаллачилик фермер хўжалигида сархил мева, узум, дон ва бошқа зироатлар етиштирилмоқда.

– Эсимни танибманки, қишлоғимизда Наврўз байрам қилинмаган йилни эслолмайман. Наврўз тақиқланган йилларда ҳам биз байрам қилардик, ҳатто очарчилик, уруш йиллари ҳам барча уйидан топганини олиб чиқиб, кенг адирда бирга баҳам кўрганмиз, – дейди тўдалик 90 ёшли Ойсара момо Жумаева. – Деҳқончилик мавсумининг бошланишини ёшу кекса бир дастурхон атрофида жам бўлиб, қарши олардик. Қарияларимиз эл-юртга тинчлик, омонлик, раҳбарларга инсофу диёнат, ёшларга бахт-саодат тилаб, дуо қилишарди. Яратганга шукр, мустақиллик бўлиб, ҳамма ёқда омонлик бўлди. Наврўз ҳам шундай. Қишлоғимиз борган сари чиройли бўлиб бормоқда. Байрам дастурхонларимиздан дил яйрайди, кўз қувнайди. Бундай улуғ кунларда кексаларимиз ўтган оғир йилларни эсга олиб, бугунги дориломон кунларга шукрона айтмоқда. Озод ва обод юртимизга осойишталик, давлатимиз раҳбарига узоқ умр тилаётир. Невара-чевараларимизнинг хурсандчилигини кўриб, шу кунларга етказганига беҳисоб шукрлар айтиб ўтирибмиз. Бундай эзгу амалларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик, хотиржамлик ва халқимизга хос бағрикенглик, оқибатлилик самарасидир.

Бойсун туманидаги тоғли Хўжабулғон, Шеробод туманидаги Зарабоғ, Қизилолма, Музработ туманидаги Чегарачи, Боғи Эрам, Ангор туманидаги Деҳқониттифоқ, Янги турмуш, Юқори Таллимарон маҳаллаларида ташкил этилган ҳалқ сайлларида ҳам меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик каби халқимизга хос олижаноб фазилатлар ўз ифодасини топди. Юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, миллатлараро тотувлик, оилаларимиз бахту саодати, ёш авлод тарбияси ва келажаги, дўстлик ва инсонийлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар тантанаси кенг намоён бўлди.

Тинч ва осойишта юртга, фаровон турмушга шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуси мустаҳкам элга байрамлар ярашади. Вилоят аҳли байрам арафасида ҳашарлар ташкил этиб, кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширмоқда. Янги боғ-роғлар, гулзорлар барпо этилаётир. Байрамга топшириладиган корхона ва хизмат кўрсатиш бинолари, кўп қаватли ва янгиланган лойиҳалар асосидаги намунавий уй-жойлар, бошқа ижтимоий иншоотлар атрофида бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят, шаҳар ва туманларнинг халқ сайллари ўтказиладиган асосий майдонлари, дам олиш масканлари тартибга келтирилиб, аҳоли учун зарур шароитлар яратилаётир.

Вилоят маҳаллаларида халқ сайли сифатида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 529






Все о погоде - Pogoda.uz