ЎзА Ўзбек

06.08.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Суратларда акс этган кўнгил

Суратларда акс этган кўнгил Истеъдодли рассом Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Темур Саъдуллаев ўз асарларида Ватанни севиш, ҳаётга муҳаббат ва боболаримиз томонидан қолдирилган маданий-маънавий меросни талқин этади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Темур Саъдуллаевнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган “Кўнгил шуури чизгилари” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Рассом 1948 йилнинг 20 апрелида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида дунёга келган. Тасвирий санъатнинг дастгоҳли рангтасвир, маҳобатли рангтасвир ва китоб графикаси йўналишларида ижод қилиб келмоқда.

У устоз Чингиз Ахмаров билан биргаликда Самарқанддаги “Юлдуз” чойхонаси, Республика Фанлар академияси Санъатшунослик институти биноси, Бухорода Абу Али ибн Сино номидаги Маданият саройини деворий суратлар билан безаган.

Абу Али ибн Синонинг 1000 йиллиги муносабати билан “Афшона” чойхонасига тўққизта деворий сурат туширган. 1991 йили Алишер Навоийнинг 550 йиллик таваллуди муносабати билан Адабиёт музейининг “Хамса” зали деворларига бешта деворий сурат паннолар композицияларини яратди.

Темур Саъдуллаев китоб графикаси ва безак санъати ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшди. У Алишер Навоий ва Захириддин Муҳаммад Бобурнинг икки жилдлик китобларини нақшли безаклар билан нашрга тайёрлади. Бундан ташқари бир нечта халқ достонларига бағишланган иллюстрациялар ишлаган.

Самарали ижодий фаолияти учун рассом Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Кумуш медали” ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, унвони билан тақдирланган.

Ушбу кўргазма экспозициясидан жой олган асарлар буюк аждодларимизнинг маданий ва маънавий меросини қанчалик бой ва ранг-баранг эканлигининг ёрқин мисолидир. Айниқса, ижодкорнинг тарихий алломаларга бағишланган асарлари алоҳида диққатга сазовор.

Бугунги кўргазма экспозициясидан рассомнинг 60 га яқин рангтасвир ва китоб графикаси услубида ишланган композициялари ўрин олган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
6 402