ЎзА Ўзбек

28.08.2018 17:31 Чоп этиш версияси

Суннат тўйи муборак, тўйболалар!

Суннат тўйи муборак, тўйболалар! Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги аҳоли ва дам олиш масканида 35 боланинг суннат тўйи ўтказилди.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларимизнинг асоси – меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур хайрия тадбири ҳам ана шундай эзгу қадриятларнинг намойиши бўлди.

Миллий либослардаги болалар “Суннат тўйларингиз муборак бўлсин, бахтиёр тўйболалар!” қутлови илинган даврага карнай-сурнай садолари остида кириб келди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган тантанада тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

photo5199655097401977165.jpg

– Мазкур тадбир ёш авлодга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдузхон Хўжаева. – Тумандаги кам таъминланган оилаларнинг мактабгача таълим муассасаларида тарбия олаётган фарзандларига мазкур хайрия суннат тўйини ташкил қилдик. Давранинг тўрида миллий либосларда ўтирган болалару уларнинг ота-оналари ва яқинларининг қувончлари чексиз. Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларига бўлган юксак эътибор самарасидир.

Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Ташкилотчиларнинг совға-саломлари топширилди. Миннатдор юраклар ёлқини нуронийлар дуоси, ота-оналар ташаккурига уланди.

М.Сулаймонов, ЎзА
4 612