Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2018 17:40 Чоп этиш версияси

Сунъий Софиянинг хавотири

Халқаро шарҳ

Бу ёруғ дунёни одамларсиз тасаввур қилиб бўладими? Йўқ, албатта. Олам, унинг жамики моддий ва маънавий неъматлари инсон ҳаёти, яшаш тарзи-ю ақл-идрокига хизмат қилиши керак. Бу – инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Аммо... бугунги талотўпли, англаш, тушунишнинг ўзи осон бўлмай қолган дунёда шундай воқеалар ҳам содир бўлмоқдаки, улар моҳиятан бу мангу ҳақиқатга соя ташлаётгани кўнгилда хавотир уйғотади.

Гапнинг индаллоси: Швейцариянинг қалин қорга буркалган Давос шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган анъанавий халқаро иқтисодий форумнинг бу йилги йиғилиши ўз ишини якунлади. Бу анъанага 1971 йили Женева университети профессори Клаус Шваб асос солган бўлиб, ўша пайтдан буён дунё давлатлари раҳбарлари, нуфузли сиёсатдон ва иқтисодчилар, халқаро банк ва молия ташкилотларининг вакиллари қиш айни забтига олган пайтда бу ерга тўпланиб, жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар, молиявий танглик, фавқулодда юзага келган ёки эҳтимол тутилган муаммолар, уларнинг ечими хусусида баҳс юритадилар, ҳар бир киши ўз қарашларини эмин-эркин баён қилади. Гарчи, Давосда ҳамма учун тааллуқли бирор расмий ҳужжат қабул қилинмаса-да, турфа фикр-мулоҳазалар, таклиф ёки эътирозлар кўп нарсага ойдинлик киритади. Шу маънода бу форумнинг, шубҳасиз, ўзига яраша аҳамияти бор.

Давос форумларида ҳар йили муҳим бир мавзу ёки янги бир фикр устуворлик қилади. Бундан уч-тўрт йил аввалги йиғинда “Капитал (моддий бойлик) инсонга хизмат қилишдан узоқлашмоқда, яъни “инсонийлик қиёфасини” йўқотмоқда, ваҳшийлашиб бормоқда”, деган тезис юзага қалқиб чиқди. Журъат ва қатъийлик билан айтилган бу гапга ҳеч ким, у ерга тўпланганларнинг барчаси тушунган, дунёда нималар бўлаётганини кўриб-билиб турган одамлар бўлгани учун ҳам эътироз билдирмади.

Бу гал Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди форумни очар экан, протекционизм дунёвий тараққиётга тобора катта хавф солаётгани тўғрисида очиқ гапирди. Унинг фикрича, протекционизм тарифларнинг ўсишига, дунё мамлакатлари ўртасида қўп томонлама манфаатли савдо шартномалари, ҳамкорлик келишувлари тузилиши жараёни тўхтаб қолаётганига ҳамда трансчегаравий инвестициялар ҳажмининг пасайиб бораётганига сабаб бўлмоқда. Бу нохуш ҳолат иқлимнинг ўзгариши, халқаро терроризм каби хавфлидир, унга беэътибор қараб бўлмайди, деди у.

Франция Президенти М.Макрон форум минбаридан туриб “Биз бугун мамлакатимиз фуқароларига хато қилиш, янглишиш ҳуқуқини беришимиз керак, бусиз тараққиётга эришиш қийин” деган, бир қарашда кутилмаган мақсад-муддаони айтди. Бу гап Европа учун янгилик бўлиши мумкин, аммо Ўзбекистон учун эмас: давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев янгилик излаётган, янги таклиф ва ташаббуслар билан олдинга чиқаётган одамлар, айниқса, ёш олимлар, ҳаракатчан тадбиркорларнинг шаштини қайтармаслик, адашганларни четга сурмаслик, улардан юз ўгирмаслик, аксинча, бундай фидойиларга ҳар жиҳатдан кўмак бериш, қўллаб-қувватлаш, янада фаолликка даъват этиш зарурлигини, мана, бир йилдан ошдики, такрор-такрор уқтириб келмоқда.

Ҳар қандай истеъдодли одам бир кунда ёки бир ҳаракат билан билимдон ёки ишбилармон бўлиб қолмайди. Деҳқон икки-уч қовун пишиғидан кейингина ер билан тиллашадиган бўлади. Олим ҳам шундай. Бунинг учун у узоқ йиллар давомида тинимсиз меҳнат қилади, изланади, ниманидир топиб, ниманидир йўқотади, ўзини, илмини, имон-эътиқодини синовдан ўтказади. Гоҳ ютуққа эришса, гоҳ аччиқ ютқизиқ, янглишиш азобларини бошдан ўтказади. Бу жараён ҳамиша ҳам бир текис кечмайди.

АҚШ Президенти Давосдаги нутқида давлатлараро савдо алоқалари тартиб-қоидаларини жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги хусусида гапирди.

Россия делегацияси сафида бу йил ҳам молия-банк тизими мутахассислари кўпчиликни ташкил этди. “Сбербанк” бошқаруви раҳбари Герман Греф банк номидан расмий нонушта уюштирар экан, 1860 йили Германияда юз берган биринчи саноат инқилобини эслатувчи ғояни, яъни “сунъий интеллект” имкониятларидан янада кенг ва унумли фойдаланиш, шу аснода соф даромадни ошириш масаласини кўтарди. Меҳмонлар муддаони аниқ тасаввур қилишлари учун “Темир хотин” фильмидаги Аломатхонга ўхшаш София исмли гўзал, нигоҳлари тийрак, зеҳни баланд темир роботни нонуштахонага ўзи билан бирга олиб келди.

София хоним дунё давлатларидан келган мўътабар меҳмонлар, ишбилгичлар даврасида ўзини йўқотиб қўймади, аксинча, улар билан дадил, темирга хос қатъият билан мулоқот қилди. Нонушта ташаббускорининг сунъий интеллектлардан фойдаланишнинг ижобий ва салбий томонлари тўғрисидаги саволига ўйлаб ҳам ўтирмай, инглиз тилида бийрон жавоб қайтарди: “Илғор технология – асбоб-ускуна, ундан турлича мақсадларда фойдаланиш мумкин. Роботлаштириш одамлар ҳаётини яхшилашга доир янги имкониятларни очади. Аммо бунинг учун инсоният шу имкониятлардан тўғри фойдаланиши зарур. Терминатор ҳақидаги фильмлар озроқ бўлганида, бу нарса жамоатчиликнинг биз тўғримиздаги фикрини яхшилашга ёрдам берган бўлар эди...”.

Сунъий роботнинг бу жавоби кишини сергаклантиради. “Сбербанк” раҳбари эса икки ҳисса хурсанд бўлди: София хоним “сунъий интеллект”дан фойдаланиш зарурлигини меҳмонларга жуда аниқ тушунтирди, иккинчидан, меҳмонлар дастурхонга қўйилган ноз-неъматларни иштаҳа билан тановул қилишди, София бўлса туз ҳам тотмади, бир финжон қаҳфа ичгани ҳам йўқ, ўзини тўқ одамлардай тутди. Бундан хурсанд бўлган Г.Греф уни тоғ чанғисида учишга таклиф этди. “Яхши, Герман, чўққида учрашамиз”, деди София хотиржамлик билан.

Кейинги пайтда инсон онг-тафаккури билан яратилган сунъий роботлардан оғир саноат корхоналарида фойдаланишнинг иқтисодий, ҳатто ижтимоий-маънавий афзаллиги тўғрисида кўп гапирилмоқда. Соҳа мутасаддилари йирик металлургия цехларида, масалан, пўлат қуйишда, машинасозликда, уй-рўзғор буюмларини йиғишда серталаб ишчилар ўрнига роботларни ишлатиш катта фойда келтиришини ўйлаб, ажабтовур режалар тузмоқда. Бу режаларга кўра, узоқ йиллар давомида оғир ва масъулиятли шароитда меҳнат қилиб, катта тажриба орттирган малакали қуювчи, созловчи, йиғувчи ёки бутловчи ўрнини иш берувчидан маош ҳам, мукофот ҳам, даволанишга йўлланма ҳам талаб қилмайдиган, касалликка чалинмайдиган, бўлар-бўлмасга иш ташламайдиган, жанжал кўтармайдиган мўминқобил роботлар эгаллайди.

Бир қарашда, эътироз билдириш қийин: илмий тафаккур, фан-техника ютуқлари, янги ихтиролар, изланишлар шуни тақозо этмоқда. Ҳозирнинг ўзида йирик завод ва комплексларда роботлар ишлаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз: меҳнат унумдорлиги ошмоқда, маҳсулот сифати яхшиланмоқда, ишлаб чиқариш режалари кўзланган даражада бекаму кўст бажарилаётир. Ҳеч ким ишга кечикаётгани ёки такасалтанглик қилаётгани йўқ. Ўрнатилган тартиб-интизомга роботлар сўзсиз риоя қилишади. Бундан ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Аммо масаланинг нозик бир томони ҳам бор-да...

Бугун дунёда 200 миллион киши ишсиз. Биргина Грециянинг ўзида меҳнатга лаёқатли ҳар тўрт одамдан бири ишламайди. Давос форумида расман айтилганидек, тегишли компанияларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб роботлаштириш сиёсати туфайли дунёда 800 миллион киши иш ўринларидан маҳрум бўлади. Уларнинг оилаларига ким қарайди? Бу биринчи мулоҳаза.

Иккинчиси: олимлар фақат саноат соҳасида ишлай оладиган роботлар яратиш устидагина эмас, кир ювадиган, болаларга энагалик қиладиган, таом тайёрлайдиган, уй йиғиштирадиган, қоровуллайдиган, дам олмоқчи бўлсангиз, мусиқа чалиб берадиган, муқом қилиб рақсга тушадиган, овоз чиқариб қироат билан китоб ўқийдиган, қўшиқ куйлайдиган, уқалайдиган, алла айтадиган, йиғлоқиларни овутадиган, жинингиз суймайдиган киши қўнғироқ қилса, “йўқлар” деб жавоб қайтарадиган темир ёрдамчилар устида ҳам бош қотирмоқда. Бу рўйхат эртага, индинга, ундан кейин янада узаяди, роботларнинг янги-янги вазифалари пайдо бўлади: улар такомиллашишда давом этади, ораларидан ажойиб тадбиркорлар, зукко ишбилармонлар, дилкаш суҳбатдошлар етишиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Балки гапни олиб қочадиганлар, тилёғламачилар, миш-миш тарқатувчилар, ҳасадгўйлар, ишбузуқилар ҳам пайдо бўлар. Олдиндан бир нима дейиш қийин. Бироқ... Биз нима бўламиз, инсон, инсонгарчилик, имон-эътиқод, меҳр-оқибат нима бўлади? Одам одам мақомида қоладими-йўқми? София хонимнинг “Сунъий интеллектдан турли мақсадда фойдаланиш мумкин” деган жавоби огоҳликка ишора бўлмасин тағин?! Наҳотки одам ўз уйида, она-бешигида ортиқча бўлиб қолса?

Халқимизда “Эшак семирса эгасини тепади” деган мақол бор. Ғарб мамлакатларида яратилаётган кўплаб бадиий фильмларда сунъий роботлар ўз яратувчиларига қарши бориб, ер юзида тириклик чироғини сўндиришга бел боғлагани ва бунга эришиш остонасига яқинлашиб бораётгани ҳақида ҳикоя қиланади. Бу шунчаки хаёлотми ё? Эртага кеч бўлмасмикин?

Сунъий интеллект: робот, сунъий чарм, сунъий қоплама, сунъий толадан тикилган кийим-бош, сунъий йўл билан етиштирилган мева-чева, озиқ-овқат маҳсулотлари, сунъий дори-дармон, сунъий урчитиш, сунъий соч, сунъий тиш, сунъийлаштирилган юз-кўз, демакки, сунъий табассум... Айрим лабораторияларда оила, эр-хотинлик, ҳомиладорлик масалаларига сунъий аралашишга доир тадқиқотлар ҳам ўтказилаётгани сир бўлмай қолди.

Илмий тафаккур яна нималарга қодир? Беш, ўн, йигирма ёки эллик йилдан кейин айни шу йўналишда қандай ихтиролар бўлади? Буни бугун ҳеч ким аниқ айта олмайди. Ўзбекистонда халқ билан мулоқотга эътибор қаратилиб, одамлар билан юзма-юз, кўзма-кўз суҳбатлашилаётганида, ҳар бир кишининг фикри-зикрига қулоқ тутилаётганида яна бир муҳим маъно ҳам бор: фақат бир мамлакатнинг эмас, бутун дунёнинг, бутун ер юзининг эътибори, жамики имкониятларини инсон омилига, унинг манфаатларига қаратиш, бу йўлдан чалғимаслик пайти келди. Акс ҳолда, ҳар қандай бийрон ва зукко София хонимлар ҳам вақти-соати келиб, Аломатхондек темир хотиннинг аччиқ қисматига дучор бўлади.

Аҳмаджон Мелибоев,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети доценти.

8 491