ЎзА Ўзбек

05.08.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Сунъий равишда ҳосил қилинган қарздорлик яхшилик келтирмади

Сунъий равишда ҳосил қилинган қарздорлик яхшилик келтирмади
Жиноят ҳақиқати ва адолат

Фарзанди боғчага бораётган ота-она ўша мактабгача таълим муассасасига белгиланган тўловларни ўз вақтида тўлаб борса, аммо маълум бир муддат ўтиб номига қарздорлик ёзилса...

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида ана шундай тушунарсиз ҳолат кузатилган. Масалан, ота-оналардан бирига 379 минг 400 сўм бадал пули ва 18 минг 970 сўм давлат божи – нореал қарздорлик сифатида қайд қилинган. Қизиғи бу каби сумма атрофида нореал қарздорлиги борлар рўйхатида 85 нафар ота-она бор эди.

Бугун бу шубҳали ҳаракатлар билан боғлиқ қинғир ишнинг қийиғи чиқиб бўлди. Унинг “ижрочи”лари сўнгги пушаймон – ўзига душман эканини кеч бўлсада англамоқда. Ғишт қолипидан кўчган, лекин кимларгадир хулоса бўлар, яна кимларнидир ҳушёрликка чорлар деган ниятда “эгри иш” билан боғлиқ воқеалар тафсилотини ҳавола қиламиз.

Аввалига калаванинг учини “тутиб турган” Сожида Қултоева ҳақида қисқача маълумот бериш ўринли. Ушбу маълумотларни тақдим қилган Жиззах вилояти ичик ишлар бошқармаси ахборот хизмати таклифига кўра материалдаги исм-фамилиялар ўзгартирилганини эслатиб ўтамиз.

Сожида Қултоева 1964 йил Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. Оилали, икки нафар фарзанднинг онаси. Муқаддам судланган. Фуқаро Қултоева сўнгги йилларда Дўстлик тумани яшаб келган. У 2013 йил 18 июлдан жорий йил қасддан жиноят содир этишда гумонланиб, қўлга олингунга қадар Дўстлик туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида мудир лавозимида ишлаб келган.

***

“Кўрмаганнинг кўргани қурсин”, “Ўрганган кўнгил ўртанмай қўймас” деганларидек Сожида Қултоева МТМ мудири лавозимида иш бошлаган илк кунлардаёқ муассасада ишлаб келган Дархонова Санамой билан жиноий тил бириктиради. Улар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2010 йил 17 декабрдаги 105-сон буйруғи талабларини қўпол равишда бузади. 2013 йил 18 июлдан 2018 йил 1 январгача бўлган давр мобайнида Сожида Қултоева ва унинг ҳамтовоқлари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, кўп ота-оналар томонидан бевосита муассасага тўланган пуллар учун тўлов чеклари ёзиб бермайди. Бадал пулларини муассаса ҳисоб рақамига кирим қилмасдан “жиғилдонга” уради.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 25 июлдаги тегишли қарорлари билан тасдиқланган “мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомда мактабгача таълим муассасаларидаги болалар таъминоти учун тўловлар ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан тўланади. Ойнинг 15-санасидан кейин келган болалар таъминоти учун тўловлар эса бола келган кундан бошлаб, 3 кун ичида тўланади. Бунда тўловлар боланинг шу ойда мактабгача таълим муассасасига қатнайдиган кунларга мутаносиб равишда тўланади. Ота-оналар томонидан шартнома шартлари бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги, шу жумладан тўлов шартномада белгиланган миқдорда ҳамда кўрсатилган муддат ўтгач, икки ҳафта мобайнида узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда, ота-оналар билан тузилган шартноманинг амал қилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатилади ва бу боланинг мактабгача таълим муассасасида бўлишини тўхтатиш учун асос бўлади дейилади. Буни массаса мудири ва унинг бошқа «шерик»лари жуда яхши билишар эди. Касални яширсанг иссиғи ошкор қилади деганларидек, ишнинг миси чиқа бошлади. Бундан ташвишга тушган гуруҳ навбатдаги – “ўрнини тўлдириш” режасини ишлаб чиқди.

***

Уюшган гуруҳ ўзининг талон-торожлик жиноятини яшириш мақсадида қонун талабларига зид равишда – гўёки муассаса тарбияланувчилари ота-оналари 57 миллион 888 минг 300 сўмлик бадал пулидан қарздорлиги мавжудлиги (гарчи, бадал пуллари олдиндан тўлов қилиб келинган ва ҳақиқатда дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаса-да) ҳақида сохта маълумотларни бухгалтерия ҳужжатларига киритиб, ундириш муддати 3 ойдан ошган ота-оналар бадалидан дебитор қарздорликни сунъий равишда юзага келтиради.

Алдов йўли билан ота-оналардан тоза оқ қоғозларга имзо қўйдириб, ўзлари тарбияланувчиларининг қарздорликлари борлиги ҳақидаги тилхат ёзишади. Қарздорлик ҳужжатларини қалбакилаштириш йўли билан тайёрлаб, фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш “ўрнини тўлдириш” режасининг асосий “бўлим” ларидан бири бўлади.

Дўстлик туманлараро судига “даъво аризаси” билан мурожаат қилган “шоввозлар” 2016 йилнинг 3 декабрь куни ва 2017 йилнинг 5 январь куни суд буйруғи тартибида сиртдан жами 41 миллион 936 минг 400 сўм бадал пули ва 2 миллион 89 минг 880 сўм давлат божи учун тўловлар ундириш бўйича суд қарорлари чиқарилишига эришган. Ушбу жиноий ҳаракатлар оқибатида нореал қарздорлик юзага келтирилган. Оқибатда муассаса тарбияланувчиларининг (85 нафар) ота-оналари ва жамият манфаатларига жами 41 миллион 936 минг 400 сўм бадал пулидан қарздорлик, 2 миллион 89 минг 880 сўм давлат божидан иборат моддий зарар етказилади.

Дўстлик туманлараро судининг 2016 йилнинг 3 декабрь куни ва 2017 йилнинг 5 январь санасидаги суд буйруқлари асосида нореал қарздорлик ҳисобланади. Муассаса тарбияланувчиларининг ота-оналари бунга шунчаки қараб турмайди. Мажбурий ижро бюроси Дўстлик туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилаётганлигига эътироз билдира бошлайди. 

Доим вазиятни ўзига мослаштира олиш “қобилияти” га эга бўлган Сожида Қултоева “қинғирлиги”ни яшириш мақсадида муассаса иш юритувчиси Зилола Анварбоева ҳамда муассаса хўжалик мудири ва кассири Малоҳат Нуржонова билан ўзаро “ҳамкорликда” янги «режа»ни амалга оширади. Улар 2017-2018 йиллар мобайнида фуқаролар томонидан турли миқдордаги қарздорлик учун (ҳужжатда ҳақиқатда тўланмаган бўлса-да) қарздорлар томонидан белгиланган маблағлар тўлиқ тўланганлиги ва муассаса кассасига кирим қилинганлиги ҳақида қалбаки тўлов қоғозлари, маълумотномалар ёзади. Мажбурий ижро бюроси Дўстлик туман бўлимига ушбу қалбаки ҳужжатлар тақдим қилинади. “Ўрнини тўлдириш” режасини янада мукаммаллаштириш яхши “натижа” беради. Мазкур қарздорларга нисбатан ижро ишининг қалбаки ҳужжатлар асосида тамомланишига эришилади. Лекин устомонларнинг қозони ёпиғлигича қолмайди.

***

Жорий йилнинг апрель ойида Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ўша қинғир ишлар содир этилган мактабгача таълим муассасасида ҳужжатли тафтиш ўтказиш ҳаракатларини олиб боради. Сожида Қултоева бу вазиятда ҳам “жим” турмайди. Муассасада норасмий тарзда ҳисобчи лавозимида ишлаб келган Абжамил Тошпўлатовнинг ёнига «ёрдам»га келади. Иккаласи бир кемада эканини айтади. Гўёки текшириш давомида аниқланган камчиликларни тафтиш далолатномасида кўрсатмаслик эвазига “тепа”га пора беришга далолат қилиб, алдаш йўли билан унинг 1 миллон 200 минг сўм пулни олади. Пулларни одатдагидек ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. 

***

Жамиятга, одамларга нафи тегиб, ўз ишини, хизмат вазифасини сидқидилдан бажариш чин инсоний фазилат саналади. Орамизда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, бошқаларга зарари тегаётганлар борлиги ачинарли. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилинишича, юқоридаги жиноий ҳаракат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ноқонуний ҳаракатларнинг олди олинган. Тергов ҳаракатлари натижасида айбдорлар ўзларига тегишли жазони олиши муқаррар. Жазо муқаррарлиги – шубҳасиз. Лекин мана шундай ҳолатларнинг такрор бўлмаслиги, эртамиз эгалари, жажжи қоракўзларимиз тарбияси, камолоти учун барча қўлидан келган яхши ишни қилиши керак.

Икром Аввалбоев, ЎзА
5 954