Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 16:03 Чоп этиш версияси

Сунь Лицзе: Наврўз – қадимий миллий қадриятлар тимсоли, меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик рамзи

Йилнинг энг ажиб ва гўзал фасли баҳор кириб келди. Наврўз айёми ҳам тобора яқинлашмоқда. Бу байрам ўзининг тарихи, фалсафаси, гўзаллиги билан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Наврўз арафасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон нафақат ноёб тарихий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари, замонавий бинолари, балки турфа анъана ва урф-одатлари билан билан ҳам дунёга машҳур. Ўзбекистонда ҳар бир байрам мазмунли, шоду хуррамлик билан ўтади.

Наврўз юртингизда азалдан анъанавий нишонланиб келинаётган байрамлардан биридир. Қадимги миллий қадриятлар тимсоли бўлган ушбу байрам халқингизнинг бағрикенглик, яхшилик, саховат ва меҳр-мурувват каби олижаноб фазилатларини намоён этади.

Мен Ўзбекистон халқининг кўп асрлик урф-одат, анъана ва қадриятларини чуқур ҳурмат қиламан. Мамлакатингизда миллий қадриятлар ва анъаналарни қайта тиклаш, уларни чуқур ўрганиш, янада ривожлантириш ва тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга лойиқдир.

Ўзбекистоннинг баҳор келиши билан ўзгача тус олиб, янада чирой очиши унутилмас таассурот қолдиради. Наврўз арафасида ҳар бир ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, ҳашар ўтказилиши анъанага айлангани диққатга сазовордир. Бундай эзгу анъаналар одамларни жипслаштириб, жамиятда тинчлик, тотувлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Мамлакатингизда Наврўзни кенг нишонлаш гўзал анъанага айланган. Бу байрамни бир неча йилдан буён Ўзбекистон халқи билан биргаликда нишонлаётганимдан хурсандман. Тошкент шаҳридаги майдон ва хиёбонлар, барча шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган байрам сайилларини интиқлик билан кутаман.

– Элчи жаноблари, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз?

– Жорий йил мамлакатларимиз учун алоҳида аҳамиятга эга йил эканини таъкидлашни истардим. Негаки, бу йил ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ва муваффақиятли ривожланмоқда. 2016 йил Хитой ва Ўзбекистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйди.

Мамлакатларимиз ўртасида олий даражадаги ташрифлар амалга оширилмоқда, ўзаро ишонч юксалиб, хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Халқларимиз ўртасидаги алоқалар тобора кенгаймоқда. Давлатларимиз минтақавий ва халқаро масалаларни ҳал этишда яқин ҳамкорлик қилмоқда ва уларнинг бу борадаги фикрлари кўп жиҳатдан бир-бирига мос келади. Хусусан, 2016 йил июнь ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, сўнгги ойларда ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча марта мулоқотда бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истаги муштараклигини билдирди.

Хитой ва Ўзбекистон халқларини азалдан ўзаро савдо муносабатлари, маданиятларни бойитиш ришталари боғлаб келган. Бугунги кунда сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим ва маданият каби турли жабҳалардаги ҳамкорлигимиз янги ривожланиш босқичига кўтарилди.

Шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари ШҲТ доирасида ҳам жадал ривожланмоқда.

Мамлакатларимиз қатор йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда ҳаётга татбиқ этмоқда. 2013 йили "Жиззах" махсус индустриал зонаси шаклида ташкил қилинган юқори технологиялар саноат парки бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу эркин иқтисодий зона ва унинг Сирдарё вилоятидаги филиалида мобиль телефонлар, тикувчилик машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ангренда Хитойнинг "Поли Техноложи" компанияси билан ҳамкорликда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер ленталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Марказий Осиё – Хитой газ қувури тармоқларининг Ўзбекистон орқали ўтиши ёқилғи-энергетика соҳасидаги улкан салоҳият ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) мамлакатингиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. “Ўзбекистон – Хитой” ҳамда “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари бу борада муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда талабалар алмашиш, хитой тилини ўқитиш, минтақалараро алоқалар, қўшма археологик экспедициялар ўтказиш, бадиий асарларни ҳар икки тилга ўгириш бўйича янги ютуқларга эришилди. Маданий-гуманитар ҳамкорлик эса мамлакатларимиз халқларининг қалбига ўзаро ҳурмат туйғуларини чуқур сингдирмоқда. Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда ташкил этилган Конфуций институтини сўнгги 12 йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 3 мингдан зиёд мутахассис битирди. Хитой қадимги маданият ёдгорликлари ишлари бўйича давлат бошқармаси, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Хитой Шимоли-Ғарбий университети мутахассислари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан археологик тадқиқотлар олиб бориш ва тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорликда ишламоқда, Буюк ипак йўлини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили хитойлик машҳур ёзувчи Лао Шэнинг «Мушуклар шаҳри хотиралари» асари ўзбек тилига таржима қилинди.

Шу билан бирга, Хитой Ўзбекистонга минтақавий транспорт узели сифатида алоҳида эътибор қаратади ва бу борада ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик Хитой ва Ўзбекистон халқлари фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамланишига ишонаман.

– Жаноб элчи, Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижаларини қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлат. Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон Республикасини ишончли ҳамкор, деб билади. Биз Ўзбекистон халқининг миллий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда танлаган тараққиёт йўлини, мустақилликни мустаҳкамлаш, суверенитети ва ҳудудлар яхлитлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳурмат қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳаёт даражаси муттасил ортиб бормоқда. Мамлакат бозор иқтисодиётига эга ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан барқарор индустриал ривожланган давлатга айланмоқда ва бу мустақиликка эришилгандан сўнг сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. Саноат, жумладан, юқори технологияли ишлаб чиқаришнинг жадал суръатлар билан ўсиб, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестиция оқими кўпайиб бораётгани ва, айниқса, чет эллик шериклар учун бизнес муҳитининг мунтазам такомиллаштирилаётгани, эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилаётгани бунга ёрқин мисол бўла олади.

Шу йилнинг 7 февралида тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни янада ривожлантириш йўналишлари аниқ белгиланган. Стратегияни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда ислоҳотларни илгари суриш, иқтисодиётнинг очиқлигини ривожлантириш ва рағбатлантириш, инвестициялар жалб этиш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатингизнинг ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатидан Хитой ҳам манфаатдор.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, иқтисодий тараққиёт йўлида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ички инвестициялардан унумли фойдаланиш самарасида Ўзбекистон келажакда ўз олдига қўйган мақсадларни амалга оширишда юксак марраларга эришади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида иқтисодиётни барқарор юқори суръатлар билан ривожлантириш инсон манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлатнинг халқ билан мулоқоти борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Бу, ўз навбатида, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан самимий табриклайман. Ўзбекистон ва унинг дўст халқига чин дилдан тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

Нодира Манзурова, ЎзА
3 789






Все о погоде - Pogoda.uz