Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 21:59 Чоп этиш версияси

Сума Чакрабарти: Қўшма лойиҳалар юксак самара беришига ишонамиз

Сума Чакрабарти: Қўшма лойиҳалар юксак самара беришига ишонамиз Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда. Бу ҳақда ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Сўнгги бир ярим йилда ЕТТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигида янги саҳифа очилди.

Ўтган йил март ойида мамлакатингизга илк ташрифим чоғида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, банк-молия секторини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ инфратузилмаси ва энергетика тармоғини модернизация қилиш, шунингдек, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва бошқа соҳалардаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинган эди.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев билан бу борадаги кенг миқёсли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама этдик. Мулоқот чоғида мамлакатингиз ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, банк-молия тизими, коммунал соҳани ривожлантириш, энергетика тармоғини модернизация қилиш, иқтисодиётга хусусий инвестициялар жалб этиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш масалаларини кўриб чиқдик.

Мамлакатингизга инвестициялар жалб қилиш ҳамкорлигимизнинг муҳим соҳасидир. Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилаётгани, хорижий инвестициялар жалб қилишнинг самарали механизмлари татбиқ этилаётгани халқаро банк-молия муассасаларини юртингиз билан фаол ҳамкорлик қилишга чорламоқда. Ўйлаймизки, Ўзбекистон иқтисодиёти ва ҳудудларини изчил ривожлантиришда қўшма лойиҳаларимиз ўзининг юксак самарасини беради.

Матназар Элмуродов ёзиб олди, ЎзА
4 017