Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 20:44 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда “Судьяларни танлаш, тайинлаш бўйича қиёсий ёндашувлар ва судьялар фаолиятини баҳолаш” мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Халқаро юристлар комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, судьялар, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси ҳамда Германия, Австрия, Ирландия, Сербия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан экспертлар, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мустақил, турли хил таъсирларга қарши тура оладиган юксак малакали судьялар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

2017 йил 7 апрелдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан Судьялар олий кенгашига конституциявий орган мақоми берилди. Ушбу тузилма фаолияти билан боғлиқ масалалар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топган.

Бу ҳуқуқий асослар кенгашга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати бўлди.

Қонунчиликка кўра, кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди.

– Ҳақиқат ва адолатни қарор топтиришда судьялар муҳим роль ўйнайди ва шу боисдан ҳар қандай жамиятда улар муҳим ўрин тутади, – дейди Халқаро юристлар комиссиясининг Европадаги дастурлари бўйича директори Раушин Пиллей. – Муносиб кадрлар бу жараёнга жалб этилиши ва ўз навбатида улар ҳимояланган бўлиши ҳам даркор. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда суд тизимининг, судьяларни танлаш ва тайинлашнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилгани эътиборга лойиқ.

Мамлакатимизда Судьялар олий кенгаши иш бошлаши билан судьяларни танлаш, уларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ҳозирги замон талаблари ва халқаро стандартларга тўла мос келадиган ягона тизими яратилди. Бу ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Халқаро семинарда экспертлар, судьяларни танлаш ва тайинлаш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланувчи органлар ва институтлар вакиллари судьялар иш фаолиятини баҳолаш стандартлари юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 487






Все о погоде - Pogoda.uz