Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 11:10 Чоп этиш версияси

Судьяларни танлаш ва тайинлаш ишлари муҳокама қилинди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак. Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди.

Судьяларни танлаш ва лавозимига тайинлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ана шу талаблар асосида фаолият юритмоқда.

Пойтахтимизда Судьяларнинг олий малака ҳайъати ва судьялар малака ҳайъатларининг 2017 йилнинг ўтган давридаги ишлари, соҳадаги муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Судьяларнинг олий малака ҳайъати, шунингдек, судьяларнинг малака ҳайъати раислари, аъзолари ва котиблари иштирок этган тадбирда асосий эътибор 2017 йил 13 июнда суд тизими ходимлари билан учрашувда Президентимиз қўйган вазифалар ижросига қаратилди.

Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов ва бошқалар суд органларининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар халқимиз манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Судьялик лавозимларга номзодлар энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлаб олинмоқда. Судьяни кейинги муддатга тайинлашда унинг суд қарорларини қонуний ва адолатли чиқарганлиги, ишда қатнашган томонларнинг важларини синчиклаб, холис ва беғараз ўрганиб тўғри хулоса бериши таҳлил қилинмоқда. Судья фаолият олиб борган ҳудудда яшаётган аҳолининг, хусусан, судга иши тушган одамлар, кенг жамоатчиликнинг фикри ҳисобга олинмоқда.

Суд раислари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бермоқда. Улар томонидан берилаётган тавсифнома Судьялар олий кенгаши учун судья фаолиятига баҳо беришда асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилаётир.

Йиғилишда судьялар олий малака ҳайъати ва судьялар малака ҳайъатларининг ҳисоботлари тингланди. Биринчи марта судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун тавсия этилаётган шахсларни ўрганишда йўл қўйилган камчиликлари, судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи кодексига риоя этилиши устидан назоратни сусайтирганликлари танқид қилинди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда кенг жамоатчиликни жалб қилиш орқали малака ҳайъатлари томонидан судьялик лавозимига ҳар томонлама етук, малакали, меҳнат фаолиятида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган номзодларни бўш ўринларга муқобиллик асосида тавсия этиш, судьяларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Қонун билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”, “Судьяликка номзодларни захирага киритиш мезонлари тўғрисида”, “Судьяларни кейинги муддатга тайинлаш (сайлаш)да уларнинг охирги иш жойларидаги фаолияти ва кенг жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тўғрисида” ва “Судьяларнинг фаолиятига халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тавсифномаси асосида баҳо берилиши тўғрисида”ги низомлари талабларига қатъий риоя этиш, судьялар томонидан одоб-ахлоқ кодексига риоя этиш устидан назоратни кучайтириш бўйича малака ҳайъатлари раисларининг масъулиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда малака ҳайъатлари томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар белгилаб олинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 617






Все о погоде - Pogoda.uz