Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 16:01 Чоп этиш версияси

Судьяларга халқ баҳо беради

Судьяларга халқ баҳо беради
Президентимиз таъкидлаганидек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш зарур.

Фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо берилиши ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган.

Ушбу вазифаларни тўлақонли адо этиш мақсадида суд тизими янгича асосда ташкил этилибгина қолмай, фаолияти ҳам замон, айниқса, халқ манфаатларига мослаштирилди. Судьяларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотлари, суд мажлисларини сайёр шаклда, аҳоли иштирокида очиқ ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Ҳар бир учрашувда, сайёр суд мажлисларидан кейин судьялар аҳолининг фикрига қулоқ тутаётгани, уларнинг мурожаатлари, муаммолари ўрганиб чиқилиб, ҳал этилаётгани тизимни том маънода халққа яқинлаштирди.

Айни пайтда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, электрон суд стенографияси, видеоконференцалоқани кенг жорий этиш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизими ҳам шакллантирилмоқда.

Пойтахтимизда Жиноят, Маъмурий, Фуқаролик ва Иқтисодий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судлари раислари томонидан Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан ўтказилган очиқ мулоқотда суд тизимидаги шу каби янгиликлар ҳақида айтилди. Аҳолини қизиқтираётган, қийнаётган масалалар ечимига эътибор қаратилди.

– Давлатимиз раҳбари судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо беради, деган эди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ўткир Холов. – Аҳоли билан яқин мулоқот қилиш имконияти кенгайгани судьяларни халққа яқинлаштирди. Одамларнинг судьяларни таниётгани, уларга ишониб дардини айтаётгани шу йўлдаги муҳим қадам бўлди.

Тадбир давомида фуқаролардан ўнлаб мурожаатлар тушди. Уларнинг аксарияти давом этаётган суд жараёнлари ҳақида бўлса, кўпчилиги ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар бўлгани учун барчаси ёзиб олинди ва тегишлилиги бўйича суд раисларига тақдим этилди.

Шу билан бирга, айрим шахсларнинг паспорт олиш, уй-жой олиш билан боғлиқ саволларига ҳам зарур тушунтиришлар берилди. Бир неча фуқаро суд раислари билан шахсан учрашиб, муаммосини маълум қилиш учун уларнинг қабулига ёзилди.

Бу каби очиқ мулоқотлар изчил давом эттирилади.

Н.Абдураимова, ЎзА