ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Судьялар олий мактабида халқаро конференция ўтказилди (+видео)

Судьялар олий мактабида халқаро конференция ўтказилди (+видео)

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида «Суд амалиётининг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Конференцияда хорижий экспертлар, ЮНИСEФ халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, Бош прокуратура Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти вакиллари, Олий суд, Тошкент шаҳар ва туман судлари судьялари, Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари ва магистратура тингловчилари иштирок этди.

Конференцияда Япония Адлия вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти вакили судья Куроки Коута, Нагоя иқтисодиёт университети профессори Ичихаши Катсуя, ЮНИСEФ халқаро ташкилоти эксперти Сафинас Ахаева, маъмурий, жиноят ва иқтисодий суд ишларини юритиш соҳасида бир қатор миллий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Конференция онлайн видео конференция режимида ялпи ва икки секция мажлиси шаклида ўтказилди. Шундан сўнг, конференция иши секция йиғилишларида давом эттирилди.

Хусусан, «Жиноят ишлари юритувига янги процессуал институтларни жорий этиш истиқболлари» секциясида жиноят ишлари юритувида бепул юридик ёрдам институтини такомиллаштириш, миллий қонунчиликка дастлабки суд муҳокамасини татбиқ қилиш, жиноят процессида тергов судьяси институтини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида халқаро ва миллий экспертлар суд ва қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалаларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.


4 254
ЎзА