Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 12:05 Чоп этиш версияси

Судьялар олий кенгаши халқаро экспертлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хорижлик экспертларнинг фикри қандай?

Хелена Фрейзер, БМТ резидент-координатори, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:

– Тарихдан маълумки, ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни олий мақсад, деб ҳисоблайдиган мамлакатларда барқарорлик ва фаровонлик ҳукм суради. Қонун устуворлигини таъминлаш, шаффоф ва мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда инсон ҳуқуқларини энг олий қадриятга айлантириш борасида катта ютуқларга эришилди. Охирги қабул қилинган қонун ҳужжатлари эса суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштиришга туртки бўлди ва бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Судьялар олий кенгаши таркибининг ярмини амалдаги судьялар ташкил этади. Кенгаш таркибининг мазкур кўриниши ЕҲХТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлик хулосасининг 20-бандида ҳамда Ҳуқуқ орқали демократия Европа комиссияси (Венеция Комиссияси)нинг тавсияларида ўз аксини топган бўлиб, илғор хорижий стандартларга тўла мос келади.

Мазкур институт фаолиятининг асосий йўналишларидан бири яъни, судьяларни танлаш ва тайинлаш бўйича самарали ва демократик ташкилий-ҳуқуқий ишлар натижасида судьяларни танлаш ва тайинлаш жараёни шаффоф, адолатли ва мустақил тартибда амалга оширилмоқда. Бу халқаро демократик принципларга ҳамоҳангдир.

Олий суд ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган:

судьяларнинг ваколат муддатлари, судьялар заҳирасини шакллантириш, судьяларни тайинлаш, қайта тайинлаш ва уларнинг интизомий жавобгарлигини белгилаш билан боғлиқ илғор хориж тажрибаси тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган жамланмани тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистонда судьяларни танлаб олиш, тайинлаш, судьялар заҳирасини шакллантириш, уларнинг фаолиятини илғор хориж тажрибаси билан таққослаган ҳолда баҳолаш механизмининг қиёсий таҳлилини ишлаб чиқиш;

“Судьялар заҳирасини шакллантириш ҳамда судьялик лавозимига танлаб олиш ва тайинлаш борасидаги миллий ва хорижий тажриба” мавзуида семинар ташкил қилиш;

“Судьялар нуфузини янада ошириш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

“Суд ҳокимиятининг мустақил бўлишини белгиловчи омиллар” таҳлилий ишни тайёрлаш.
Ишонамизки, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги тизимли ислоҳотлар ва ўзгаришлар бундан кейин ҳам давом этади.

Джон Макгрегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси:

– Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Шимолий Америка, Европа ва Осиёдан 57 та иштирокчи давлатни бирлаштирган бўлиб, шулар қаторида Ўзбекистон ҳам ЕХҲТга аъзо ҳисобланади. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Мувофиқлаштирувчиси яқинда ташкил этилган Судьялар олий кенгашини мамнуният билан кутиб олди. Бу суд ҳокимиятини ислоҳ қилишда ва мустақиллигини ошириш учун шароит яратишда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, ЕХҲТ Судьялар олий кенгашининг фаолияти асосларини ишлаб чиқишда Киев тавсиялари ҳисобга олинганлигидан ҳам мамнун. Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши, кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бу қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. ЕХҲТ Ўзбекистон суд тизимининг барча бўғинлари билан ҳамкорликни давом эттиради.


Арслон Эшмуродов тайёрлади.

ЎзА
4 263