Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 16:09 Чоп этиш версияси

Судьялар фаолиятига халқ баҳо беради

Фуқаролар судьялар фаолиятига доир баҳосини бериши мумкин. Бунинг учун улар ўз фикрларини қоғозга баён этиб, уни суд биноларида ўрнатилаётган махсус қутиларга ташлаши кифоя.

Бу амалиёт Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 13 июнь куни судьялар корпуси вакиллари билан бўлган учрашувида билдирилган фикрлардан кейин жорий этилаётир. Зеро, мазкур учрашувда судьялар фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беради, дея таъкидланди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди биносида намуна тарзда Мурожаат матни ва фуқароларнинг суд фаолиятига доир фикрлари учун махсус қути ўрнатилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, судьялар иштирок этди.

Ҳар бир суд биносига ўрнатиладиган муҳрланган қутилар ҳар ойда бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирокида очилади. Фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, ҳар бир судьянинг фаолиятига холис ва адолатли баҳо бериб борилади.

– Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида судлар фаолияти танқидий таҳлил қилинди ва 2017 йил 6 июль куни судьяларнинг Ўзбекистон халқига мурожаати қабул қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Баҳодир Деҳқонов. – Ушбу мурожаатда ҳар бир судья зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик қасамёдига ҳамиша содиқ қолишга ваъда бериши таъкидланган. Мазкур мурожаат матни суд биноларига одамлар кўрадиган жойга жойлаштирилган. Суд биносига кирган ҳар бир фуқаро мурожаатнинг матни билан батафсил танишиб, адолатли суд қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Шундан сўнг суд биносидан чиқаётганда судьяларнинг фаолиятига, уларнинг зиммасига олган мажбурият ва масъулиятни қандай бажараётгани юзасидан ўз муносабатини ёзма равишда баён этиб, уни махсус қутига ташлаши мумкин.

Суд тизимида бошланган янги ислоҳотлардан кейин суд амалиётини такомиллаштириш, унинг очиқлиги, профилактик таъсирчанлиги, судьяларнинг касб малакаси ва маънавиятини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Уларнинг ижроси тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Судлар иш юритувида узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмай, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган 214 иш қуйи судлардан Олий суд ва вилоят судлари иш юритувига олиниб, кўриб чиқилди.

Кейинги икки ойда 745 шахс суд залидан озод қилинди. 2 минг 369 шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 1,5 мингга яқин шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 28 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Мингдан зиёд шахсга тергов органи томонидан ортиқча қўйилган айблов чиқариб ташланди.

Бундан ташқари, сайёр судлар ўтказиш кўлами кенгайтирилди. Икки ойда 45 мингдан зиёд иш ушбу тартибда кўриб чиқилди. Судьялар томонидан аҳоли ўртасида 1,2 мингдан зиёд очиқ мулоқот ўтказилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида суд раислари ўз фаолияти бўйича ахборот бериши йўлга қўйилди.

Мазкур учрашув ва мулоқотлар жараёнида фуқаролар судлов фаолиятининг очиқлиги, холислиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган ушбу тадбирлар жамиятга ўзгача руҳ олиб кираётганини таъкидламоқда. Халқ судьяларни таний бошлади. Лекин, шунга қарамай, йиғилишда соҳа ходимлари, айниқса, судьялар дунёқарашини ўзгартириш, маънавиятини юксалтиришдек ишларни янада чуқурлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 373






Все о погоде - Pogoda.uz