ЎзА Ўзбек

14.07.2020 Чоп этиш версияси

Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?

Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?

Куни кеча Гулистон шаҳрига киришдаги блок-постлардан бирида судьяга нисбатан қўполлик қилингани, ҳатто уни шахсий автомашинасидан тушириб, куч ишлатилгани ҳақида бизга хабарлар келган эди.

Зўровонликка учраган навбатдаги судья ким ва нима учун айнан унга блок постда қўпол муомалада бўлишди? Саволимизга жавоб топиш мақсадида расмий манбаларга қилган мурожаатларимизга ниҳоят жавоб олдик.

Олий суд расмий вакили Азиз Обидов Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ҳақиқатан судьяга нисбатан қўполлик қилинганини тасдиқлади.

Маълум бўлишича, 2020 йил 13 июль куни Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ўзининг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасида доимий яшаш жойидан иш жойига келиш мақсадида Гулистон шаҳар ҳудудига киришда ўрнатилган “карантин блок пости” йўналишида ҳосил бўлган тирбандликда тахминан 8.40 дан 09.35 гача бўлган вақт оралиғида кутиб турган.

Лекин у ишга бориши шарт бўлгани учун блок пост томон ҳаракатланган. Шунда ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари “вилоят ҳокими келаётганлиги сабабли” шаҳар ҳудудига киритиш умуман тақиқланганини айтишган.

А.Эргашев ўзининг судья эканини маълум қилиб, уларга ўзини таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ишга кетаётганлигини билдириб, ўтказиб юборишни илтимос қилганида, блок постдаги ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари судьяга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг автомашинасини қўли билан уриб, тезроқ бу жойдан бошқа йўналишга қараб ҳаракатанишни талаб қилишган.

Шунда А.Эргашев шаҳар ҳудудига ишга бориш учун киришини билдирганига қарамасдан, унга 3-4 ходим куч ишлатиб, автомашинасидан мажбуран тушириб, уни четга олиб ўтиб, унинг шахси, судьялик лавозими ва қадр-қимматини ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган ҳамда судьянинг шахсий мулки ҳисобланган автомашинани эса нотаниш ИИБ ходими бошқариб, воқеа жойидан 250-300 метр жойга йўлнинг четига олиб бориб, очиқ ҳолда ташлаб кетган.

А.Эргашев вилоят судига келиб, соғлиғи ёмонлашаётгани сабабли тез тиббий ёрдам чақиртирган. Тез тибиий ёрдам ходимлари келиб А.Эргашевнинг танасидаги жароҳатларни кўздан кечирган ва унинг қон босими кўтарилганлигини айтиб, зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Кейин у тез тиббий ёрдам автомашинасида вилоят шифохонасининг Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган.

Тиббий муассасанинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга берган маълумотига асосан ҳамда Гулистон шаҳар прокуратураси терговчисининг судга оид тиббий экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарорига асосан А.Эргашевнинг олган тан жароҳатлари даражасини аниқлаш учун экспертиза тайинланган.

Прокуратура органи томонидан мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 12 июль куни ЎзА сайтида “Жарқўрғонда судьялар омма олдида обрўсизлантирилди, суд ходими эса дўппосланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Жарқўрғон тумани марказига киришдаги блок постлардан бирида суд ходимларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиниб, судьялар обрўсизлантирилгани, ҳайдовчилардан бирига тан жароҳати етказилгани баён этилган эди.

Бу воқеа жамоатчилик ҳамда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлди. Кенг жамоатчилик буни судьялар дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоламоқда. Мазкур ҳолат айни пайтда вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда, Бош прокуратура назоратига олинган.

- Судьялар дахлсиз эканлиги, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланиши нафақат Конституцияда, балки бошқа қонунларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган, – дейди Олий суд мутбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – “Судлар тўғрисида”ги қонунда судьяларнинг дахлсизлиги кафолати баён этилган ҳамда судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик мавжудлиги назарда тутилган. Ҳатто судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун ҳам жавобгарлик мавжуд. Жамиятда қонунийликни таъминлашга масъул бўлган орган ходимларининг бу меъёрларни бузиши қўпол қонунбузарлик ҳисобланади. Албатта, судьялар билан боғлиқ равишда рўй берган нохуш ҳолатлар қонуний ечимини топади.

Донишмандлардан бири “Судья гапираётган қонун, қонун эса тилсиз судьядир”, деб қайд этган эди. Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?

Воқеалар ривожини кузатамиз. Юқоридаги ҳолатларга қонуний баҳо берилиши билан боғлиқ тафсилотлар билан ЎзАда танишасиз.


34 167
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА