ЎзА Ўзбек

19.09.2018 Чоп этиш версияси

Судьядан уй, ички ишлар ходимидан газ баллони сўраётган одамлар

Судьядан уй, ички ишлар ходимидан газ баллони сўраётган одамлар

Аҳоли учун мурожаат қилиш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Турли даражадаги раҳбарлар одамларнинг ҳузурига бормоқда. Аммо айрим кишилар хоҳлаган нарсамни хоҳлаган раҳбардан сўрайман, деб хато фикрга бораётгани ажабланарли. 

Яқинда судьяларнинг аҳоли билан учрашувида улардан уй-жой олиб беришни талаб қилган фуқарони кўриб ҳайрон қолгандим. Ички ишлар ходими хизмат хонасига келиб, “менга газ баллон олиб бермадинг”, деб унга ҳужум қилинганини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушладим. 

Ахир одам фақат манфаатини эмас, балки унга қандай йўллар билан эришиш, бу борадаги ўз ҳуқуқларини билишга сал бош қотирса бўлмайдими? 

Бироқ, афсуски, кўп ҳолларда давлатнинг одами ёки мансабдор шахсими, демак у менга хизмат қилишга мажбур, деган нотўғри тушунчага эга одамлар учраб турибди. Зеро, ҳар бир масала учун тегишли идора, масъул шахслар бор. 

Сурхондарё вилоятининг Узун тумани "Оқ остона" маҳалласида жойлашган ички ишлари органлари таянч пунктига шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Т.Б. кириб келган. Шу ерда хизмат олиб бораётган Узун тумани ички ишлар бўлими ходими С.М.га “сен ишламаяпсан, менга газ баллони олиб бермаяпсан”, деб жанжал кўтарган. Фуқаро хонадан ташқарига чиқиб ҳам шовқин кўтаришда давом этган. 

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, ички ишлар ходими фуқарони тартибга чақирган вақтида у ходимнинг бошига тош билан уриб, жароҳат етказган. Оқибатда ходим касалхонага ётқизилган, жанжалкаш фуқаро Т.Б. эса ушланган. 

Ушбу ҳолат юзасидан прокуратура суриштирув ишлари олиб бормоқда. 

4 353
Муаттар Рўзибоева, ЎзА