Судда Андижон тумани ҳокимлигининг талаби рад этилди
Қарорда Таҳририятга мақолада келтирилган қатор фактлар юзасидан раддия бериш мажбурияти юкланган эди.
“Андижоннома” газетасининг 2019 йил 2 мартдаги сонида журналист Қобилжон Асқаровнинг “Ўзи хон, кўланкаси майдонми?” номли танқидий мақоласи чоп этилган бўлиб, унда Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов фаолияти билан боғлиқ ишлар хусусан, Андижон туманидаги ташкилотларда кадрлар қўнимсизлиги авж олганлиги, қишлоқ хўжалигидаги қолоқлик сабаблари, унумдор ер майдонларидан бошқа мақсадда фойдаланиш ҳолатлари, фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик хусусида сўз юритилган.
Андижон туман ҳокимлигининг “Мақолани қонун талабларига зид деб топиш ва Таҳририятга раддия чоп этиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги” 19 банддан иборат даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, 2019 йилнинг 12 июлда суд раиси М. Аҳмадалиева раислигида ҳал қилув қарори чиқарилган. Қарорда Таҳририятга мақолада келтирилган қатор фактлар юзасидан раддия бериш мажбурияти юкланган эди.
Суд қарори юзасидан норози бўлган Таҳририят Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига кассация шикояти киритган. Куни кеча мазкур низоли иш Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судида судья Г. Асронова раислигида кўриб чиқилиб, ажрим чиқарилди. Унга кўра, Андижон туманлараро судининг 2019 йилнинг 12 июлдаги қарори бекор қилиниб, Таҳририятга мақолада келтирилган фақат бир ҳолат бўйича раддия чоп этиш мажбурияти юкланди.