ЎзА Ўзбек

15.08.2018 15:28 Чоп этиш версияси

Суд залидан озод бўлган йигит “Ёш китобхон” танлови совриндори бўлди

Суд залидан озод бўлган йигит “Ёш китобхон” танлови совриндори бўлди
“Катта денгизлар дарёлар ҳисобига, дарёлар жилғаларнинг сувидан тўлиб тургани каби, инсон ҳам ўз маънавий оламини мутолаа орқали бойитиб боради. Китоб ҳаётда қоқилган пайтимизда энг тўғри йўл кўрсатувчи дўст экан ”.

Бу 2017 йилнинг 10 ноябрида 17 ёшида жиноят содир этгани учун суд залига олиб борилган, бугун эса “Ёш китобхон ” танловининг туман саралаш босқичи ғолиби Норбой Мамбетовнинг фикрлари...

Учқудуқ кончилик коллежи ўқувчиси бўлган Норбой Мамбетовга ёшликнинг ғўрлиги, ота-онадан бироз муддат узоқда яшаб, қилган хатоси – ўғрилиги сабаб суд ҳукми билан 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин эди.

Хато йўлга кирган йигитга ишонч билдирилди. Норбойнинг ўз қилган ишидан пушаймонлиги инобатга олинди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Учқудуқ тумани кенгаши кафиллиги билан унга бериладиган жазо бекор қилинди. Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси коллежни битирганидан кейин уни ушбу муассасага ишга олишни ўз зиммасига олди.

Вояга етмаган бир ўспирин атрофдагиларининг ҳимояси боис тўғри йўлни топишга эришди. Норбой орадан бир йил ўтмасдан Шимолий кон бошқармаси Геотехнология кони навбатчи-чилангари бўлиб ишлай бошлади. Пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон чемпионати бронза медали соҳиби, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Учқудуқ тумани кенгаши “Жасорат“ клуби сардори бўлди. Халқ демократик партиясининг “Ёш сиёсатчи“ ҳамда “Ёш китобхон“ кўрик-танловларининг туман саралаш босқичи ғолибига айланди.

Булар унинг суд залида туриб, "Мен қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман. Менга билдирилган ишончни, албатта, оқлайман", дея берган йигитлик ваъдасининг исботи бўлди. У бу натижаларга китобга дўст бўлгани сабаб эришаётганини айтди.

– Мен олдинлари фақат интернетда турли ўйинлар ўйнардим, – дейди Н. Мамбетов. – Энг ачинарлиси, бир куни ўша матоҳдаги ўйинларни ҳаётда қилиб кўришга уриниб, катта хатога йўл қўйдим. Шундан кейин миямни заҳарлаётган айрим интернет сайтларидан воз кечиб, китобни ўзимга дўст тутдим. Ҳозирда ўз кутубхонам, унда юзга яқин китобим бор. Уларнинг аксарияти турли танловларда эришган ютуқларим учун ташкилотчилар томонидан совға қилинган.

Н.Раҳимов, ЎзА​​
7 368