Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 16:32 Чоп этиш версияси

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларда янги босқич

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига кўтаришга хизмат қилади. Айниқса, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани халқимиз манфаатини таъминлайди.

Пойтахтимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичида замонавий ёндашув ва илғор тажрибанинг аҳамияти каби масалаларга бағишланган халқаро давра суҳбатида бу алоҳида таъкидланди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

– Тараққиётимизнинг янги стратегиясида қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари К.Йўлбарисов. – Жумладан, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Бундай чора-тадбирлар судларнинг одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада кучайтиради.

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатлари кенгайтирилиши ҳам соҳада сезиларли ютуқларга йўл очади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бунинг амалий ифодаси бўлди.

– Ўзбекистон бошқа соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш билан бирга бу борадаги энг илғор тажрибаларга алоҳида эътибор қаратиши улкан ютуқларга эришишига йўл очмоқда, – дейди Гамбург шаҳрининг собиқ маъмурий судьяси, ҳуқуқий ва сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи Г.Велинг (Германия). – Ўтган йилларда бу соҳада фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам қонунчилик асослари яратилиб, амалга ошириш чоралари кўрилган бўлса, уларни замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш, янги босқичга кўтаришга оид янги стратегия тасдиқлангани эътиборга лойиқ. Уни муваффақиятли амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этаётгани, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани бу борада юксак самарага эришишга замин яратади.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ф.Эберт номидаги жамғарма (Германия) ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ходимлари, халқаро экспертлар иштирок этди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 458






Все о погоде - Pogoda.uz