Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.07.2018 17:14 Чоп этиш версияси

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар жамоатчилик эътиборида

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар жамоатчилик эътиборида Пойтахтимизнинг Миробод тумани ҳокимлигида Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар раислари аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.

Суд органлари тизимидаги одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммо ва келгуси вазифаларга бағишланган тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, судъяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбирда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Соҳа ходимлари Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтирди.

– Амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришга, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ролини оширишга замин яратмоқда, – дейди Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди раиси Д.Жўраев. – Жойларда аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда ҳам бу борада кўплаб масалалар муҳокама қилинмоқда. Жумладан, сайёр суд мажлисларида маҳалла томонидан кафилликка олинаётган шахсларнинг келгусидаги хатти-ҳаракатларига жавобгар бўлиши лозимлиги тушунтирилмоқда. Сабаби, баъзи ҳолларда суд тугагач кафилликка олинган шахс ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ҳам кузатилди. Бундай вазиятда у қилмишидан тўғри хулоса чиқармай яна жиноят кўчасига кириши мумкинлиги хусусида маҳалла фаоллари ўйламаяпти. Бугунги очиқ мулоқотда шу каби кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бепарволикка йўл қўймаслик ва осойишта ҳаётни таъминлашда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида фикр билдирилди. 

А.Мусаев, ЎзА
5 140