ЎзА Ўзбек

25.08.2018 12:28 Чоп этиш версияси

Суд-ҳуқуқ тизими: билим ва хабардорлик

Суд-ҳуқуқ тизими: билим ва хабардорлик
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида “Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий ислоҳотларга оид хабардорлигини оширишда ОАВ роли“ мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари нодавлат институти, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари, адлия бошқармаси масъуллари, вилоят суди судьялари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда суд ҳокимияти соҳасида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, ҳали ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар, хусусан фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқини янада кучайтириш лозимлиги, бу борада суд-ҳуқуқ идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Семинарда мамлакатимиздаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти ва амалий натижалари, хусусан вилоят суд идораларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари таҳлил этилиб, ўзаро тажриба алмашилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда давлат, шу жумладан суд-ҳуқуқ органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтириш, жамиятда қонун устуворлигини, мамлакатда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувликнинг қарор топиши масалаларининг ОАВда кенг ёритилиши муҳокама қилинди.

Тадбир якунида вилоят суд-ҳуқуқ ва адлия тизими фаолияти юзасидан аҳолининг билим ва хабардорлигини ошириш бўйича медиа режа ишлаб чиқилди.

А.Худойқулов, ЎзА
3 865