ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Суд тизимида порахўрлик, мансаб суиистеъмоли каби ҳолатлар мавжуд эди

Суд тизимида порахўрлик, мансаб суиистеъмоли каби ҳолатлар мавжуд эди

Маълумки, Ўзбекистон суд тизимининг тартиблари юзасидан аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган кўплаб муаммолар мавжуд эди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Давлатимиз раҳбари жорий йил бошида ўз Мурожаатномасида: “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”, деган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси суд тизимида, яна бир бор, инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қила оладиган адолатли суд тизимини яратишга қаратилган.

Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди. Бу ўзгаришлар одамларнинг судларга мурожаатларида сарсонгарчиликларга чек қўйиш, мурожаатларининг кўрилишини осонлаштириш, судларга бўлган ишончни оширишга қаратилган. Унда вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судларни бирлаштириб, ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгилаб берилди.

Судларнинг умумюрисдикция судларида бирлаштирилиши натижасида фуқароларнинг қайси судга мурожаат қилиши кераклигини фуқароларнинг ўзлари эмас, тўғридан-тўғри умумюрисдикция судларининг ўзлари ҳал қилиши таъминланади. Бу орқали фуқароларнинг вақтини тежаш, муаммоли вазиятлар, тушунмовчиликлар бартараф этилишига эришилади. Бир-биридан фарқ қилувчи қарорлар чиқарилишига чек қўйилиб, ягона суд амалиёти тизими шаклланади.

Фуқароларнинг суд амалиётида мавжуд бўлган бир-биридан фарқланувчи қарорлари бўйича кўплаб шикоятлар учрайди. Судларнинг умумюрисдикция судларига бирлаштирилиши судларнинг ихтисосликларини ўзгартирмайди, суд идораларида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, раис бошқарувида ишлар ихтисосликларига кўра тақсимланади.

Эндиликда суд тизими судьялари ва ходимлари моддий таъминотини тўлиқ давлат бюджетига ўтказиш ва уларнинг иш ҳақини ошириш белгиланди. Судларнинг моддий ҳолатлари уларнинг кўрадиган ишларига бевосита ўз таъсирини ўтказиши мумкин, моддий таъминланганлик судларга ишларни кўришдаги холисликни таъминлаб беради. Судларнинг қабул қиладиган хужжатлари давлат номидан чиқарилиши давлатнинг нуфузини, одамларнинг давлатга нисбатан муносабатини намоён қилади. Давлат судлар орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Бунинг натижасида ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўришнинг ишончлилиги ошади. Ишлар апелляция ёки кассация тартибида кўрилиб, қабул қилинган қарорларининг назорат тартибида кўриб бекор қилиб юборилишига чек қўйилади. Ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўриш Олий суднинг судлов ҳайъатларида кўрилиши мумкинлиги ҳам жорий этилди. Хорижий тажрибага кўра, ишларнинг иккинчи инстанцияси фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилиши қабул қилинган. Назорат тартибидаги ишларни кўриш тартиби собиқ тузимнинг нотўғри амалиёти меросидир.

Ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўришда томонлар тортишувига асосланади. Ишларни кўришнинг ушбу тартибида томонлар фақат биринчи инстанцияда йўл қўйилган хатоларни келтириш билан чекланмай, янги асослар ёки далилларни ҳам келтириши мумкин. Назорат тартибидан ишларни кўришда томонларнинг иштирокисиз фақат ишни ўрганиб чиқиб ўзгартирилиши тортишув принциписиз ўтказилади ва тўлиқ апелляция ёки кассация тартиби принципларини инкор этади. Назорат тартибида ишларни кўриш коррупциявий вазиятларни ҳам юзага келтириб, мансаб суиистеъмоли, порахўрлик каби вазиятларга олиб келиши мумкин. Шу боис тизим аллақачон ислоҳотга муҳтож бўлиб қолган эди. Бундан кейин айни муаммолар йўқолишига умид бор.

Суд тергови жараёнида тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилмоқда. Судлар томонидан ишларни кўришда дастлабки эшитувнинг жорий этилиши чиқариладиган ҳужжатларнинг сифатини оширади, томонларнинг ўзаро ҳақ эканига ишонч уйғотади ва бунинг натижасида инсон ҳуқуқ-манфаатлари кафолатларининг мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлайди. Судлардаги бундай тажриба Россия Федерацияси, Қозоғистон, Германия, Франция ва бошқа кўплаб давлатларда мавжуд бўлиб, самарали қўллаб келинмоқда.

Барча саъй-ҳаракатлар суд тизимидаги сифатли натижаларга эришиш учун замин яратишга қаратилган. Бу ўзгаришлар фуқаролар онгида қотиб қолган ёмон стереотиплар, тушунмовчиликларни бартараф этади. Судларга бўлган ишонч ортади, қонун устуворлиги таъминланади, инсон ҳуқуқ-манфаатларининг сифатли ҳимоя қилинишига замин яратади. Аҳолининг адолатга бўлган ишончи ортишига эришилади. Зеро, суд обрўси – давлат обрўсидир, обрўли давлатда эса судлар адолат қўрғонига айланмоғи лозим.

Баҳром АХРОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 
қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази профессори

3 427
ЎзА