ЎзА Ўзбек

25.08.2018 17:16 Чоп этиш версияси

Суд тизими: қарорлар моҳияти тушунтирилади

Суд тизими: қарорлар моҳияти тушунтирилади
Судлар томонидан қабул қилинган қарор ўқиб эшиттирилганидан сўнг, мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтириб берилади.

Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказилади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан Нурафшон шаҳрида ташкил этилган давра суҳбатида суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар ва тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида cўз юритилди.

Президентимизнинг жорий йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилган мулоқотда вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши масъуллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор судьяларнинг адолатли қарорлар қабул қилишига, уларнинг ҳар томонлама мустақил, турли таъсирларга қарши тура олишига замин яратаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида жамоат ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига атрофлича жавоб берилди.

А.Худойқулов, ЎзА
5 131