ЎзА Ўзбек

10.07.2018 19:16 Чоп этиш версияси

Суд раисларининг очиқ мулоқотлари қандай самара беряпти?

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар раислари Учтепа тумани аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди.

Суд органлари тизимидаги одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммо ва келгуси вазифаларга бағишланган тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» жамғармаси туман бўлимлари вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизда судлар фаолиятини такомиллаштириш, жамиятимизда адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини тўла таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш юзасидан амалга ошрилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбирда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Соҳа ходимлари фуқароларнинг ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бепарволикка йўл қўймаслик жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашга хизмат қилиши хусусида фикр билдирди.

– Аҳолининг судма-суд сарсон юришининг олдини олиш ва одил судлов тизимини шакллантириш соҳадаги энг долзарб масалалардан биридир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани суди судъяси А.Жалилов. – Учтепа тумани судлари томонидан жорий йилда жами 3 минг 705 иш кўриб чиқилган бўлса, шундан 620 таси оилавий ажралишларни ташкил этади. Бу каби салбий ҳолатлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Ушбу масалаларга бағишланган очиқ мулоқотлар жойларда мунтазам ўтказилиб, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, муаммоларини ўз вақтида барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда соҳа ходимлари фуқаролардан тушган мурожаатларни тинглаб, айримларига ўрганиб чиқиш асносида жавоб берадиган бўлди. Таклифлар ёзиб олинди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
6 281