Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 20:20 Чоп этиш версияси

Суд раислари ҳисобот берди

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессиясида 2017 йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш белгиланган.

Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилиши, терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилиниши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.

Президентимиз судьялар билан ўтказган учрашувида судлар фаолиятидаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, судьялар ўз фаолияти юзасидан марказий ҳамда маҳаллий телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эса амалга оширган фаолияти хусусида ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш илгари сурилди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессиясида жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси И.Муслимов, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг раиси вазифасини бажарувчи А.Икромов, вилоят иқтисодий суди раиси Ш.Мамадиёров, вилоят маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи Л.Қодировнинг ахбороти тингланди.

2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб Бухоро вилояти иқтисодий суди, Бухоро ва Ғиждувон туманлараро, Когон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманлараро иқтисодий судлари фаолиятини бошлади. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят иқтисодий суди томонидан биринчи инстанция судида 13 минг 553, апелляция инстанцияси судида 109 иш кўрилган.

Иқтисодий судлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат тузилмаларининг ноқонуний аралашувини янада чеклаш бўйича қонуний чораларни кучайтириш, одил судлов сифатини янада ошириш йўли билан уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини тўлиқ таъминлаш борасида муайян ишлар қилинди.

Суд мажлисларини видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш масаласига эътибор янада кучайтирилди. Ўтган даврда 317 суд мажлиси ана шу усулда ўтказилди. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг 474 нафар вакили ўзи яшайдиган ҳудуддан чиқмаган ҳолда ўзга ҳудудда ўтказилган суд жараёнида қатнашган. Бунинг натижасида уларнинг хизмат сафарига сарфлайдиган 97 миллион сўмлик маблағи тежалган.

Президентимиз томонидан жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш лозимлиги таъкидланиб, ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида халқ орасида кўриш ҳақида тавсия берилгани боис судлар фаолиятида бу масалада ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2016 йилнинг биринчи ярмида атиги 171 иш ёки жами кўрилган ишларнинг 10 фоизи сайёр суд мажлисида муҳокама этилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 866 тага ёки 77 фоизга етган. Иқтисодий судлар томонидан ўтказилган сайёр судда кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 минг 985 тага ошган. Фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳам бу амалиёт кенг қўлланилмоқда. Улар томонидан жорий йил биринчи ярмида 1438 иш кўрилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1149 тага кўп.

Суднинг очиқлигини таъминлаш, бир томондан, суднинг жамоатчилик кўз олдида, назоратида бўлиб, судьяларни тартибга чақирса, иккинчи томондан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширишга ёрдам беради.

Сессияда Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг жойлардаги ижроси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 767






Все о погоде - Pogoda.uz