Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 09:48 Чоп этиш версияси

Суд раислари брифинг ўтказди

Суд раислари брифинг ўтказди
Фарғонада вилоят жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари томонидан брифинг ташкил этилди. Унда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ҳамда жорий йил биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришишда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қисқа фурсатда фуқароларнинг судга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил этилгани ҳам фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширди. 

– Жорий йил биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари томонидан 2 минг 567 нафар шахсга нисбатан 1 минг 960 та жиноят иши кўриб чиқилган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси М.Мирзажонов. – Ушбу ишлар бўйича судлар томонидан 2 минг 13 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган, 547 нафар шахсга нисбатан 512 та жиноят иши тугатилган. Шундан 495 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган. 15 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, товламачилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғирлик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, транспорт воситаларини олиб қочиш, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар сони камайди.

Аёллар томонидан содир этилган жиноятлар Бағдод туманида 4, Данғара туманида 2, Бувайда туманида 4 тага, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар эса Олтиариқ туманида 16, Бувайда туманида 4 тага ошган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судлари томонидан ҳам ўтган даврда одил судловни амалга ошириш борасида муайян ишлар қилинди. Судлар томонидан 13 минг 330 фуқаролик ишлари кўриб чиқилди. Ўтган даврда нисбатан биргина Марғилон туманлараро судида кўрилган ишлар 12,5 фоизга кўпайган бўлса, қолган барча туманлараро судларда ишлар сони бирмунча камайган.

Маъмурий судлар томонидан 15 минг 934 нафар шахсга нисбатан 13 минг 41 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, шундан 9 минг 359 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган ва 4 минг 629 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган.

Иқтисодий судлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат тузилмаларининг ноқонуний аралашувини янада чеклаш бўйича қонуний чораларни кучайтириш, одил судлов сифатини янада ошириш йўли билан уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини тўлиқ таъминлаш борасида муайян ишлар қилинди. Вилоят иқтисодий суди ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан ўтган даврда 17 минг 267 та иш кўриб чиқилди. Низоли ишларнинг 76,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.

Фарғона вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

М.Сулаймонов, ЎзА