Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

15.03.2019 11:16 Чоп этиш версияси

Суд нега сариқ металлни тилла сифатида алдаб сотган фирибгарни қамоқдан озод қилди?

Суд нега сариқ металлни тилла сифатида алдаб сотган фирибгарни қамоқдан озод қилди?

43 ёшли А.Жўраев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йилнинг июнь ойида таниши С.Комилов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, (унинг иши А.Жўраев қидирувда бўлган вақтда Навбаҳор суди томонидан кўрилган) 52 дона, думалоқ шаклдаги, 518 гр. оғирликдаги сариқ рангли металл резги-парчаларини соф олтин эканлигига Э.Азимовни ишонтириб, 6500 АҚШ доллари ва 10 млн. сўмга сотиб юборган.

2018 йилнинг 14 март куни жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида 61 млн. 883 минг сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган судланувчи А.Жўраевга нисбатан ҳукм ўқилди. 

Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонаси марказий илмий тадқиқот лабораториясининг хулосасига кўра, Э.Азимовдан расмийлаштириб олинган 52 дона жами 518 грамм оғирликдаги сариқ рангли металл резги парчалари таркибида олтин моддаси йўқлиги кўрсатилган.

А.Жўраев суд муҳокамасида айбига иқрорлик билдирган.

Жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари текширилди.

Судланувчи айбига тўлиқ иқрорлиги, қилган қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган 6500 АҚШ доллари ва 10 млн. сўм миқдордаги зарар қопланганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг тегишли моддаларига амал қилган ҳолда ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан, ЖКнинг 62-моддаси тартибида 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда А.Жўраевга 2 йил 5 ой 21 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, суд залидан озод қилинди.

А.Сайдуллаев, Жиноят ишлари бўйича
Кармана туман суди раиси

ЎзА