ЎзА Ўзбек

15.05.2019 18:52 Чоп этиш версияси

Суд амалиётига бир назар

Суд амалиётига бир назар

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд амалиётига бир назар.

2018 йил ва 2019 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши соҳада юзага келган зарурат боис Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни билдирган эди. Натижада Ер кодексининг 36-,84-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 25-, 32, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-,25, Солиқ кодексининг 329-, 330-моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. 

Мазкур ўзгаришлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида кенгаш ҳуқуқшуносларининг бевосита амалий ёрдами билан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатини ҳимоя қилиш учун судларга қарийб бир ярим мингта 95014 миллион сўмлик даъво аризалари (ўтган йил 1-чорагига нисбатан 2,5 баравар кўп)киритилди.

– Шундан 270 таси 3189 миллион сўмлик даъво аризалари қаноатлантирилди, қолганлари кўриш жараёнида – дейдиЎзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши юридик бўлими бошлиғи Соҳибжон Ҳатамов – Жумладан, Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 3 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Оққўрғон туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳимоя қилган “Одил” фермер хўжалиги фойдасига жавобгар “АВС Oqqorgon Agro Klasster”дан 116237448 сўм асоси йқарз, 10492035 сўм жарима, 16218 сўм почта ҳаражатлари ундирилди.

Ҳудди шунингдек, суд қарорларига асосан юқоридаги кластердан “Бахт” фермер хўжалигига 179 миллион сўм, Жавлон фермер хўжалигига 154 миллион сўм, “Азизбек Раҳимжон файз” фермер хўжалиги фойдасига 75 миллион сўм асосий қарз, жарима, почта ҳаражатлари ундириб берилган.

Ўйлаб қоласан, бундай қарздорликка нима сабаб бўлган? Агарда томонлар ўртасида пахта хом ашёси харид қилиш бўйича контрактация шартномаси тузилган бўлса. Шунингдек, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида тарафлар ўртасида тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шартлиги кўрсатилган бўлса ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорида ҳам бу борада тушунтиришлар берилган.

– 12 йил олдин қабул қилинган мазкур қарор бизнинг фикримизча қайта кўриб чиқилиши зарур, –дейди С.Ҳатамов.– Фермер хўжаликларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда судлар амалиётида мавжуд бўлган ноаниқликларни бартараф этиш, улар бўйича тушунтиришлар бериш борасида янги Пленум қарорини қабул қилишни давр тақозо қилмоқда. Яъни 2018 йилда маҳаллий ҳокимликларнинг фермер хўжаликларини ер участкаларини ноқонуний равишда олиб қўйиш ҳолатлари бўйича кенгашлар қирқдан зиёд даъво аризаси киритди. 30 ҳолатда фермер хўжаликларига ер участкалари қайтарилган.

Бироқ, амалдаги қонунчиликда судлар томонидан фермер хўжалиги манфаатида кенгашлар биринчи инстанция судларида тараф сифатида қатнашмаган ҳолатларда, ушбу ишлар бўйича фермерлар манфаатида кенгаш томонидан аппелация, кассация шикояти киритилганда умумий тартибда давлат божи ундирилмоқда. Бу ўзнавбатида судларда фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қийинчилик туғдирмоқда. Шунинг учун амалдаги қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш лозим.

Айни вақтда фермерлар ва маҳаллий ҳокимият ўртасида ўзаро тушунмовчилик ва мунозаралар кўпайиб бораётгани боис ҳолатга янгича ёндошув зарур, назаримда. Фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг контрактация шартномаларини бажарилмаганлиги, ернинг экологик ва мелиоратив ҳолатини ёмонлаштирган ҳолати, форс-мажор, бўлғуси ҳосилни суғурталаш каби ва бошқа ишга дахлдор ҳолатлар маъмурий ва иқтисодий судларда бу талабларнинг қайси сабабларга кўра бажарилмаганлиги чуқур эътибор бериб ўрганиб чиқилиши керак. Контрактация шартномаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажарилмагани учун жавобгарликка тортишда тегишли мутахассисларни жалб этиб, давлат буюртмасини ернинг ҳосилдорлигига мос равишда белгиланганлигига, тайёрловчи, маҳсулот етказиб берувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз шартномавий мажбуриятларини қай даражада бажарганлиги каби ҳолатларга эътибор қаратиш керак бўлади.

–Энг қизиғи, судлар фермерларнинг манфаатини ҳимоя қилувчи қарор қабул қилса, уларни ижросини таъминлашни маҳаллий ҳокимликлар томонидан пайсалга солинмоқда, –дейди С.Ҳатамов.–Тошкент вилояти кенгаши Янгийўл туманидаги “Ўткир Султон файзли боғи” фермер хўжалиги манфаатини ҳимоя қилди. Натижада Янгийўл туман ҳокимининг ер билан боғлиқ иккита қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Андижон туманидаги “Э. Йўлдашев” фермер хўжалигининг туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ер масаласидаги шикояти фермер хўжалиги фойдасига ҳал қилинди. Ғузор туман ҳокимининг 2018 йил 19 октябрдаги қарори билан “Раҳимов Асқар” фермер хўжалигининг ер ижара шартномаси ноқонуний тарзда бекор қилинган эди, у ҳам бекор қилинди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мутахассислар баҳсга сабаб бўлаётган яна бир масала ҳақида янги таклиф айтишмоқда. Яъни кенгашлар фермер хўжалиги манфаатида суд тартибида даъво ариза киритганда тараф сифатида давлат божидан озод қилинган. 

Бироқ, иқтисодий судлар фермер хўжалиги манфаатида кенгашлар аппелация ва кассация шикояти тақдим этганда аппелация ва кассация инстанцияларида тараф сифатида тан олмасдан хўжалик иш юритувини бошидан қатнашилмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига асосланиб давлат божи умумий тартибда ундирилмоқда.

– Тўғри, бундай ҳолатда биз бир қатор таклифларни ишлаб чиқдик, – дейди С.Ҳатамов.– Бунда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига фермерлар хўжаликлари манфаатида тараф сифатида суднинг ҳар қандай инстанциясида нодавлат ва нотижорат ташкилоти бўлган кенгашлар иштироки тўғрисидаги норма киритилиши керак. Шунингдек, Фермер хўжаликлари манфаатида кенгашлар фермер хўжалиги жавобгар сифатида ишда иштирок этаётган бўлса тегишли ваколатномасиз суд жараёнида иштирок этиши, ёзма фикр тақдим этиши учун имконият беришкерак. Ёзма фикрни ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили имзолайди. Вакил имзолаган ёзма фикрга унинг ишни юритишга ваколати борлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади, деган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш лозим.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА
2 389