Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 12:59 Чоп этиш версияси

Суд амалиёти билан боғлиқ мурожаатлар кўрилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиев Тошкент вилоятида сайёр қабул ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасида ташкил этилган сайёр қабулда вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят жиноят, хўжалик, фуқаролик суди раислари ва судьялари, маҳаллалар раислари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасига қилинаётган ҳар бир мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилмоқда. Ўтган давр мобайнида вилоятдаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган 6 минг 664 мурожаатнинг 215 таси суд амалиёти билан боғлиқ.

Сайёр қабулда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари томонидан суд амалиёти билан боғлиқ масалаларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва бевосита Олий судга қилинган мурожаатлари тингланди.

– Шахсий енгил автомашинамни бир танишимга ижарага берган эдим, – дейди янгийўллик Мамадали Абдувалиев. – У билан бу борада ижара шартномасини расмийлаштиргунимча орадан бир муддат вақт ўтиб кетди. Бу ишни ўз вақтида нотариал тасдиқлатмаганим, шахсий мулкимни ўзим яхши билмаган инсонга ишониб топширганим учун бугун афсус қилиб ўтирибман. Аниқроқ айтсам, ўша танишим мол ўғирлашда айбланди. Яқинда унинг бу қилмиши ўз исботини топди: жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланди. Сайёр қабулга ўғирлик содир этилишида фойдаланилгани учун мусодара бўлган машинамни қайтариб олишим мумкинми, деган саволга жавоб олиш учун келдим. Бу муаммони қонуний тартибда кўриб чиқиш учун қайси идорага, қандай тартибда мурожаат қилишим лозимлигини тушунтириб беришди. Фуқароларнинг муаммоларини эшитиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган бундай тизим йўлга қўйилгани учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Сайёр қабулда фуқароларнинг уй-жой, мулкий низолар, ажрим, фирибгарлик, ер ажратиш, оила-никоҳ каби турли мазмундаги 50 га яқин мурожаати тингланди. Мурожаатларнинг адолатли, қонуний ечимини таъминлаш учун вилоятдаги тегишли суд раислари ва судьяларга аниқ топшириқлар берилди.

Ҳар бир шикоят ёки низоли ҳолатга ечим топиш, муаммони ўз вақтида ҳал қилишда давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, маҳалла идоралари, хотин-қизлар қўмиталарининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
4 424






Все о погоде - Pogoda.uz