ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Суд – адолат идорасига айланиши шарт

Суд – адолат идорасига айланиши шарт

Суд тизими ҳақида сўз кетса, бугун оқлов ҳукмлари кўпайганига кўпроқ урғу берилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани қайд этилди.

Ҳақиқатан, кейинги пайтда судларда оқланаётган шахслар сони кескин ошди. Қайд этилган рақам ҳам 2016 йилдан кейинги вақтга тўғри келади.

Оқлов – моҳиятан адолат тантанаси ҳисобланади. Лекин инсонни айблаш қанчалик осон бўлса, номини оқлаш энг қийини. Чунки айбловни йўққа чиқариш учун далиллар мавжуд бўлишининг ўзи кифоя эмас. Далилларни тан олдиришга қодир ҳимоя ҳуқуқи кучли бўлиши керак.

Хўш, судьялар уч-тўрт йил олдин нега оқлов ҳукмлар чиқара олмади? Шу ва бошқа саволларимизга Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр ИСЛОМОВдан жавоб олдик:

– Жиноят ишларида айбловни қувватловчи тергов органи вакиллари ҳам иштирок этади. Тан олиш керакки, айнан шу томон илгари ҳар томонлама кучлироқ эди. Уларга қарши борган судья ўз иши билан хайрлашишига тўғри келарди.

Бу сўзларнинг исботи сифатида Фарғонада рўй берган бир воқеани эслаб ўтсам. Қотиллик бўйича оғир жиноят ишлардан бири кўрилаётганда, иш бўйича айбланувчиларнинг айби йўқлиги суд тергови вақтида маълум бўлган. Иш бўйича оқлов ҳукми чиқарилди. Аммо оқибати яхши бўлмади. Суд ҳукми бекор қилиниб, иш терговга қайтарилди. Судья эса турли йўллар билан ишдан кетказилди.

Кейинчалик эса қотиллик бўйича терговга қайтарилган иш судга қайтиб чиқарилмади. Балки реаблитация қилиш йўли билан ёпиб юборилди. Гарчи судьянинг айби бўлмаса ҳам у ишига қайта тикланмади. Кўряпсизми, судьялар қандай босим остида ишлаган. Судьянинг қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш бўйича эркинлиги тамоман чекланган эди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида кейинги йилларда бошланган ислоҳотлар эса айнан шундай оғриқли жиҳатларга барҳам беришга қаратилди. Судда кўрилган ёки кўрилаётган ишларни қўшимча терговга юбориш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Жиноят кодексидаги бунга имкон берувчи модда чиқариб ташланди.

Нафақат қонунчилик, балки соҳани ислоҳ қилиш, судларда адолатли қарорлар қабул қилиш, айниқса, оқлов ҳукмлари чиқаришга монелик қиладиган тўсиқлар бартараф этилгач, судьялар эркин фаолият юрита бошлади. Буни оқлов ҳукмлари кўпайгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Оқлов ҳақида фикр юритар эканмиз, Тошкент шаҳри судлари фаолиятига ҳам назар солсак. Кейинги 3,5 йил ичида 427 нафар шахс оқланди. Ўтган йилда бу кўрсаткич 200, жорий йил ярмида 53 нафарни ташкил этди.

Давлатимиз раҳбари оқлов ҳақида тўхталганда, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқлангани, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланганини таъкидлади.

Шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

Ўйлайманки, бу жуда ўринли мулоҳаза. Бу амалиётда ўз ифодасини топиши ортиқча оворагарчиликларга, айниқса, суд мажлисларининг беҳуда чўзилишига чек қўяди.

– Судларда “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилиши ҳақида қандай фикрдасиз?

– Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган бу топшириқ суднинг том маънодаги вазифаси – яъни адолат ўрнатишдаги ўрни аниқ ва мустаҳкам бўлишига қаратилган.

Ҳозирги вақтда бир ишни қайта-қайта кўриш ёки ишни қайта кўриш учун ўша суднинг ўзига қайтариш каби ҳолатлар суд қарорлари барқарор эмаслигига олиб келмоқда.

“Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилса, судларда кўрилаётган ишлар тезроқ якунланади, яъни вақтида охирги нуқта қўйилади. Бироқ бу судлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Суд қонунга мувофиқ ишни кўриб чиқиши, фақат адолатли қарор қабул қилишини тақозо қилади.

Президентимизнинг “Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозим”, деган фикрлари ҳам олдимизга шу талабни қўймоқда.

Демак, бу тамойил жорий этилса, ишлар туман судларида кўрилади, ундан юқори судларда эса ишлар фақат апелляция тартибида, Олий судда кассация тартибидаги кўрилади.

Бу инстанциялардан юқори бўлиб келган назорат инстанциясини бекор қилиш бўйича ҳам таклиф билдирилди. Бунга давлатимиз раҳбари “Суд тизимида эскилик сарқити бўлган”, деб ҳаққоний баҳо берди.

Демак, эндиликда ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича таклиф илгари сурилгани эса судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишига таъсир ўтказувчи яна бир омилни бартараф этади.

– Илгари судьялар, суд раислари билан одамлар ўртасида тўсиқ бор эди, назаримда. Бугун эса аҳолининг суд раислари билан бевосита мулоқот қилаётганига гувоҳ бўляпмиз...

– Ҳақиқатан, халқ билан мулоқот қилиш амалиёти йўлга қўйилганидан кейин биз халқдан ажралиб қолганимизни тушундик. Жамиятда ўрнатилган очиқлик сиёсати туфайли аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, сайёр судлар ўтказиш амалиёти кенгайди. Одамларни юзма-юз ўтириб эшитиш – уларнинг дардини ҳис қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тўғрилаш каби хайрли ишларга йўл очди.

Айниқса, сайёр судларда фақат томонлар эмас, балки аҳоли вакиллари, жамоатчилик ҳам иштирок этаётгани вазиятга тўлиқ ойдинлик киритишга имкон бермоқда. Шунинг учун ҳам кафиллик асосида жиноят йўлига кирган шахсларни қайта тарбиялаш масласига эътибор кучайди. Масалан, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди.

Суд мажлисидан кейин судья қарор ёки ҳукм мазмунини томонларга тушунтириб бериш амалиёти йўлга қўйилгани ҳам тушунмовчиликларни бартараф этмоқда.

– Қийноқ билан боғлиқ масала оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Суд жараёнларида қийноқдан шикоят қилаётганлар борми?

– Далилларни қийноқ усулларини қўллаган ҳолда тўплаш ҳолатлари бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бу масалани очиқ-ойдин айтиш билан чекланмай, бунга барҳам бериш талаби шахсан давлат раҳбари томонидан қўйилаётгани учун ҳам бу борада ижобий ўзгаришлар сари қадамлар қўйилди. Қийноқлар қўлланилиб олинган далилларни мақбул ҳисобламаслик ҳақида қонунчиликка ўзгартиш ҳам киритилди.

Бундай ҳолатлар ҳақида илгари оммага маълум қилинмагани учун ҳам бу мавзуда баҳс-мунозаралар бўлмасди. Ҳозир эса жамиятдаги очиқлик туфайли шундай ҳол рўй берса, бу жамоатчиликка маълум бўлмоқда ва табиийки, бу аҳоли томонидан қораланмоқда.

Видеоселекторда ҳам бу масалага эътибор қаратилди. Кейинги вақтда учраган, яъни ички ишлар идорасида қийноқдан вафот этган икки фуқаро бўйича айтилди, шундай ҳолатларни батамом бартараф этиш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Энди бевосита суд амалиётида қийноқдан шикоят қилиш ҳолатлари учраганми, деган саволга шуни айтишим мумкинки, илгари суд мажлисларининг ўзида берилган кўрсатмани тан олмай, қийнашгани учун шундай деганман, деб судга маълум қилганлар тез-тез учраб турарди.

Бироқ, авваллари тергов жараёнлари узоқ чўзилгани учун бундай шикоятларни исботлаш имконсиз эди. Масалан, тан жароҳати етказилиб, гумондорнинг бўйнига айб қўйилган бўлса, 5-6 ойдан кейин бу иш судга келиб тушган бўлса, ўша тан жароҳатлари излари йўқолиб кетган бўларди.

Ҳозирги кунга келиб эса айнан қийноқдан шикоят қиладиган айбланувчилар жуда камайди. Агар шикоят қилинса, бу албатта қонун доирасида текширилади. Исботини топса, судга тақдим этилган далиллар рад қилинади. Бу борада айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилади.

Кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилгани шунинг исботидир.

– Ўзгаришлар туфайли одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишонч уйғонди. Аммо, давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ.

– Суд – одил судловни амалга оширадиган, адолатни қарор топтириши шарт бўлган тизим. Албатта, биз буни амалда таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Аммо битта адолатсиз ҳолатга йўл қўйилса ҳам бу бутун тизимга соя солади. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари соҳага тўғри баҳо берди. Суд қарорлари орасида хатоликка йўл қўйилган ҳолда чиқарилаётганлари ҳам борлигини инкор қила олмаймиз.

Давлатимиз раҳбари “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!”, деб таъкидлаш орқали зиммамизга юклатилган масъулиятнинг нечоғли юксаклигини яна бир бор эслатди.

Бунинг учун биз янада кўпроқ меҳнат қилиб, Президентимиз ўртага ташлаган, соҳани халқчил қилишга қаратилган таклифларни амалга ошириш, фақат адолат билан иш кўришга ҳаракат қиламиз.

Йиғилишда судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши маълум қилинди.

Ўйлайманки, бу жуда зарур қонун. Уни тезроқ ишлаб чиқиш ва қабул қилиш керак.

Бир сўз билан айтганда, суд тизими, судьялар фаолиятини яхшилаш бўйича долзарб ва аниқ вазифалар қўйилди. Булар тўлақонли амалга ошса, судлар чинакам адолат идораларига айланади.


5 757
Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди, ЎзА