Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 19:50 Чоп этиш версияси

Суғдда Самарқанд кунлари ўтказилди

Суғдда Самарқанд кунлари ўтказилди
Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 7-9 сентябрда Тожикистон Республикасининг Суғд вилоятида Самарқанд кунлари ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов бошчилигидаги вилоят фаоллари, тадбиркорлар, йирик саноат корхоналари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар Суғд вилояти раҳбарияти ҳамда аҳоли томонидан тантанали кутиб олинди. 

photo5231437825327606064 (1).jpg

Хўжанд шаҳрида Суғд вилояти раиси Р.Аҳмадзода ва Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг учрашувида Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг оқилона, халқпарвар сиёсатлари туфайли кейинги йилларда халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Икки давлат ҳудудлари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида бугунги кунда Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасида ҳам савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб бормоқда. Икки вилоят вакиллари Наврўз байрамини биргаликда нишонлади. Жорий йил апрель ойида Самарқандда Суғд вилояти кунлари ўтказилиб, унинг доирасида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилган ва 107 миллион долларлик 170 га яқин шартнома ва меморандум имзоланган эди. Шунингдек, икки вилоят санъаткорлари иштирокида концерт дастури, маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилган эди. 

Хўжанддаги Самарқанд кунларида бу анъана давом эттирилди. 

Икки вилоят ишбилармонларининг бизнес форуми ва Самарқанд вилояти саноат корхоналари, тадбиркор ва ҳунармандлари маҳсулотлари кўргазмасида икки вилоят раҳбарлари сўзга чиқиб, ишбилармонларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини қўллаб-қувватлашлари ва бунинг учун кенг имкониятлар яратилишини қайд этди. 

photo5231437825327606065.jpg

– Ўзбекистон билан алоқалар яхшиланганидан сўнг Суғд дўконларида Самарқандда ишлаб чиқарилган озиқ-овқатлар сотила бошланди, – дейди хўжандлик Санобар Ҳакимова. – Бу маҳсулотлар сифати ва арзонлиги билан қисқа вақтда ўз харидорларини топди. Ҳозирда кўпчилик бозор ё дўконда Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотларни сўрайди. 

Самарқандлик тадбиркорлар Суғд эркин-иқтисодий зонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда 20 дан ортиқ корхона бир неча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. 

Самарқанд кунлари иштирокчилари Хўжанд шаҳрида Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллик байрами тантаналарида ҳам иштирок этди. Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов Суғд вилояти аҳлини байрам билан табриклади. 

Шунингдек, тадбирлар доирасида икки вилоят санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Самарқанднинг “Динамо” ва Суғднинг “Хўжанд” футбол жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди. 

– Биз самарқандликларнинг юртимизга келишини интизорлик билан кутдик, – дейди Суғд вилояти раиси ўринбосари Назира Ғаффори. – Бу йил самарқандлик дўстларимиз билан эсда қоларли ва илиқ учрашувларга бой бўлди. Масалан, биз улар билан Наврўз тантаналарини бирга нишонладик. Самарқандда Суғд вилояти кунларида иштирок этдик. Эндиликда бу алоқаларимиз бардавом бўлади, албатта. 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА