Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 20:34 Чоп этиш версияси

Спортчи қизларга байрам совғаси

Спортчи қизларга байрам совғаси Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўқувчи-қизларига спорт кийимлари тантанали топширилмоқда.

Оқдарё туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган шундай тадбирда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўлами ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан юртимизда муҳташам спорт иншоотлари бунёд этилиб, замонавий жиҳозланмоқда. Умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида уч босқичли спорт мусобақалари ўтказиш изчил йўлга қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарорлар бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган.

– Бу йил байрам арафасида туманимиз бўйича 600 га яқин спортчи қизларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган спорт кийимлари тарқатилди, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Оқдарё тумани вакили Ёрқинбек Холбоев. – Бундай юксак эътибор спортчи қизлар ва ота-оналарнинг спортга қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Бежирим спорт кийимлари билан тақдирланган спортчи қизлар ўз қувонч ва миннатдорлигини кўргазмали чиқишлари ва бадиий дастурлар орқали намоён этди.

Тадбирда тумандан етишиб чиққан мамлакат ва халқаро мусобақалар ғолиблари, чемпионлар спортдаги муваффақиятлари ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Самарқанд вилояти филиали маълумотига кўра, Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида 17 минг 300 нафар қизга миллий қадриятларимиз ва замонавий мода йўналишларига мос спорт либослари совға қилинади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 970






Все о погоде - Pogoda.uz