ЎзА Ўзбек

08.11.2018 19:11 Чоп этиш версияси

Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболлари

Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболлари Пойтахтимизда хорижий мутахассислар иштирокида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция шундай номланди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Россия, Япония, Туркия, Беларусь давлатларидан ташриф буюрган ҳамда мамлакатимиз соҳа мутахассислари иштирок этди.

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ж.Матчанов спортчиларимиз эришаётган ютуқлар, ғалабалар мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар самараси эканини таъкидлади. Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида“ги қарори ҳамда 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони инсон саломатлиги ва мамлакат довруғини таратувчи мазкур соҳага давлат даражасида эътибор қаратилишидан далолат.

Тадбир ялпи йиғилишида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори А.Содиқов, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари спорт тиббиёти врачлари ассоциацияси президенти Б.Поляев, 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинлари ташкилий ҳайъати аъзоси И.Хроюкининг мавзуга доир маърузалари тингланди. Сўнг конференция секцияларга бўлинган ҳолда давом этди. Мутахассисларнинг тақдимотлари намойиш этилиб, мастер-класслар ўтказилди.

Спортчиларнинг саломатлигида ҳам муаммолар учраб туради, соҳа билан боғлиқ кўнгилсизликлар тез-тез қулоққа чалинади. Маълумотларга кўра, спортчилар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аксариятига юрак билан боғлиқ касалликлар, асосан, юрак хуружи сабаб бўлар экан. Йилига тахминан ҳар 100 минг спортчининг учтадан биттаси ана шу сабаб билан вафот этади.

21.JPG

– Спортчилар дуч келиши мумкин бўлган бундай кўнгилсизликлар ва улар соғлиғи билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга қаратилган билим ва изланишлар билан ўзаро тажриба алмашдик, – дейди 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинлари ташкилий ҳайъати аъзоси Ишида Хроюки. – Мен ҳам конференцияда спортда юзага келадиган турли хил муаммоларни бартараф этишга қаратилган “Спортда тўсатдан ўлимнинг олдини олиш стратегияси“ мавзуидаги маърузам билан қатнашдим. Унда юрак билан боғлиқ бўладиган муаммоларнинг олдини олиш, даволаш, спортчилар саломатлигини ва хавфсизлигини сақлаш борасидаги изланишларим акс эттирилган.

Шунингдек, конференцияда “Ўзбекистонда спорт тиббиётининг кеча ва бугуни“, “Ўзбекистонда спорт генетикаси ва унинг истиқболлари“, “Спорт тиббиётида реабилитациянинг ҳозирги замон усуллари“, “Таянч-ҳаракат тизими муаммоларининг асосий манбаи – умуртқа поғонаси“, “Спорт генлари ва уларни спортда қўллашнинг долзарблиги“, “Реабилитация дастурларида жисмоний тарбиянинг инновацион технологиялари“, “Спортда тўлиқ геном тадқиқотлари“, “Болалар, ўсмирлар спортида антропометрия ва спорт гигиенаси муаммолари“ мавзуидаги маърузалар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Ушбу конференциядан олинган билим ва тажрибалар келгусида спорт тиббиёти мутахассисларига илмий-амалий ёрдамни ташкил этиш ва соҳада илғор ва инновацион ёндашувларни амалиётга татбиқ этишни изчиллик билан амалга оширишга хизмат қилади.

Конференция эртага Самарқанд шаҳрида давом этади.



Моҳигул Қосимова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
1 060