ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Спорт-таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинди

Спорт-таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мамлакатимизда спорт-таълим муассасаларидан фойдаланиш даражасини ва улар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббусида белгиланган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида махсус қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт, Иқтисодиёт ва саноат ҳамда Молия вазирликлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифига биноан 2020-2024 йилларда босқичма-босқич қуриладиган спорт иншоотларида 23 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда етарли спорт иншоотларига эга яна 68 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Бундан ташқари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини рейтинг тизими асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланди. Унга кўра қуйидагилар рейтинг баҳолашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

- спорт-таълим муассасаларида олимпия спорт турлари бўйича шуғулланувчилар сонини ошириш натижасида олимпия спорт турини ривожлантириш;

- спорт-таълим муассасаларида спорт разрядлари ва унвонларига эга бўлган спортчилар сонини ошириш натижасида сифатли ва иқтидорли спортчиларни танлаш, тайёрлаш, селекция қилиш (саралаш) ишларини ташкил қилиш;

- спорт-таълим муассасаларида фаолият юритаётган тренерлар, методистлар, шифокорларнинг салоҳиятини оширишга эришиш;

- спорт-таълим муассасаларида методистлар томонидан ўқув ва методик ишланмалар сифати сонини ошириш;

- спорт-таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юқори даражага кўтариш;

- спорт-таълим муассасаларининг бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорлигини оширишга эришиш.

Рейтинг тизими асосида баҳолаш тартиби спорт-таълим муассасаларининг фаолияти даражаси ва сифатини ошириш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини аниқлаш, спорт-таълим муассасаларида спорт разрядлари ва унвонларига эга бўлган спортчилар сонини кўпайтиришга, иқтидорли спортчиларни танлаш, тайёрлаш, селекция қилиш (саралаш) ишларини ташкил этиш, спорт-таълим муассасаларида фаолият юритаётган тренерлар, методистлар, шифокорларнинг салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Рейтинг натижалари эса ҳар йили оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади.

Қолаверса, 2020 йилда ташкил этилиши режалаштирилаётган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини сақлаш харажатлари маҳаллий бюджетларга ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилиб, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида назарда тутилиши белгилаб қўйилган.

Қарорга мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги зиммасига янгидан ташкил этиладиган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари уставларини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ҳамда уларнинг филиалларини юқори малакали бошқарув кадрлари ва тренерлар билан таъминлаш чораларини кўриш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 апрелгача болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг намунавий штатлар меъёрларини қайта кўриб чиқиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

8 048
ЎзА