ЎзА Ўзбек

06.03.2018 20:06 Чоп этиш версияси

Спорт соҳасидаги коррупция ҳолатлари билан махсус бошқарма шуғулланади

Спорт соҳасидаги коррупция ҳолатлари билан махсус бошқарма шуғулланади
Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш белгиланди.

Фармон билан янги вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида спорт фаолиятини ташкил қилишда асослилик, объективлик ва шаффофликни таъминлашга, шу жумладан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган давлат молиявий маблағларидан оқилона фойдаланилишини таҳлил қилиш, аҳолининг спорт хизматларидан қониқиш даражаси ва спорт хизматларидан фойдалана олиш шарт-шароитларини баҳолаш, шунингдек, коррупция ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларини аниқлаш учун масъул бўлган Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармаси тузилади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари тузилади. 

Ҳужжатда ҳудудий бошқармаларга бўйсинадиган ва Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари ҳам ташкил қилиниши кўзда тутилган. 

Фармоннинг тўлиқ матни билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

ЎзА
13 649