ЎзА Ўзбек

12.01.2019 15:00 Чоп этиш версияси

Спорт мактабининг имкониятлари кенгайди

Спорт мактабининг имкониятлари кенгайди

Бухоро вилояти Когон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида реконструкция ишлари якунланди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 3,3 миллиард сўмлик маблағи сарфланди. 

Муассаса мажмуаси таркибига кирувчи стадионнинг футбол майдони замонавий талаблар асосида тартибга келтирилди. Яроқсиз ҳолга келиб қолган югуриш йўлаклари қайта текисланиб, асфальт ётқизилди. Стадион ҳудудидаги баскетбол, волейбол майдончалари таъмирланди. Айниқса, бадминтон майдончаси ташкил этилгани спортнинг ушбу турига ҳавасмандларни ғоят хурсанд этди.

Стадион айвонлари остига 3 минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар ўрнатилди. Стадион залида эркин ва юнон-рум кураши, таэквондо билан шуғулланувчилар учун имкониятлар кенгайди.

Шунингдек, болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг олис Сиёзпоён қишлоғидаги замонавий талабларга жавоб бермай қолган филиали – болалар спорт мажмуасида ҳам катта бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Қўшқаватли мазкур иншоотдаги катта зал бадиий гимнастика, каратэ, бадминтон, баскетбол, волейбол ва бошқа спорт турларига қизиқувчилар маҳоратини ошириш учун қулайликларга эга бўлди. Мажмуанинг футбол майдони замонавий кўриниш олди. Гандбол мусобақаларини ўтказишга ҳам шароит яратилган.

Муассаса ва унинг филиалидаги мукаммал таъмирлаш ишларидан сўнг уларда бир кунда аввалгидан анча кўп – 700 нафаргача ўғил-қиз шуғулланмоқда. Уларга 33 нафар малакали мураббий маҳорат сирларини ўргатмоқда.

Шунингдек, иншоотлар 400 миллион сўмлик спорт жиҳоз ва анжомлари билан таъминлангани ундан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлади.

– Реконструкциядан сўнг биз, енгил атлетикачилар учун ҳам замонавий шароит яратилди, – дейди мамлакат терма жамоаси аъзоси, Осиё чемпионати совриндори Беҳруз Асадов. – Бу эса машғулотларда мураббийларнинг кўрсатмаларини тўла ва сифатли бажариш, ушбу спорт тури оммавийлигига эришиш имконини беради.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 901