Совуқ ҳавода мактаблардаги шароит қандай?
ФОТОТАНҚИД: Жиззах вилояти умумтаълим мактабларида куз-қиш мавсумида ҳам ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жиззах вилояти умумтаълим мактабларида куз-қиш мавсумида ҳам ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аммо қишлоқ мактабларида ҳам шундайми, деган саволга жавоб излаб Шароф Рашидов туманида бўлдик.
Туман халқ таълими бўлими раҳбари Дурбек Носировнинг таъкидлашича, тумандаги 59 та умумтаълим мактабида 38 минг 600 дан зиёд ўқувчи таълим олади. Куз-қиш мавсумида ҳам ўқувчиларга зарур шароит яратиш мақсадида 200 тонна кўмир, 590 тонна кўмир брикети жамланган.
Бу ишлар тақсинга лойиқ, аммо ўша ёқилғининг сифатига ким жавобгар? Нега мактаб маъмурияти билатуриб сифатсиз кўмир брикети олишга мажбур бўлмоқда?
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда қишлоқ жойлардаги мактабларни иситиш борасида муаммолар учраб турибди. Масалан, Ш.Рашидов туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Эски идора биносида 1998 йилдан буён фаолият юритиб келаётган 100 ўринли мактабда 78 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Хоналар совуқлигидан ўқувчилар устки кийимлари билан ўтиришга мажбур.
- Айни пайтда хоналарни иситишда қийинчиликларга дуч келаяпмиз, — дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ғулом Ўсаров. – Сабаби, Самарқанд БЙООКС “Жиззах“ кўмир омборидан олинган 35 тонна кўмир брикетининг (агар шундай аташ мумкин бўлса) 80 фоизи йўлда майдаланиб, бир уюм сифатсиз кўмир қумига айланди. Натижада элакдан ўтказиб, ёқишга яроқлиларини териб олишга мажбурмиз. У ҳам бўлса яхши иситмайди. Кунига 3 та қозонхонага 98 килодан кўмир брикети ёқамиз. Аммо кўриб турганингиздек, хоналар совуқ.
Яна бир жиҳат эътиборимизни тортди. Қишда ўқувчиларга жисмоний тарбия дарсида шашка, шахмат ва стол тенниси ўтилар экан, холос. Спортнинг бошқа турлари ҳам бор-ку, дейсизми. Ахир мактабда спорт зали бўлмаганидан кейин нима қилсин қишлоқ ёшлари. Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус асосида зарур бўладиган жиҳозлар бу даргоҳга бегона. Сабаби эса, чекка ҳудудда жойлашганида.
Нима бўлганда ҳам соҳа мутасаддилари эртамиз келажаги бўлмиш ёшларнинг тақдири, энг муҳими, соғлиғига бефарқ бўлмайдилар, деган умиддамиз.
Мавзуга яна қайтамиз.