Совғага императордан кема олган элчи
Деярли уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга эканмиз, ташқи алоқаларни йўлга солиш бўйича ҳам шунча муддатлик миллий тажрибамиз бор.
Деярли уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга эканмиз, ташқи алоқаларни йўлга солиш бўйича ҳам шунча муддатлик миллий тажрибамиз бор. Милоддан олдинги VI асрда Томир хотуннинг (юнонча Τόμυρίς) юртимизга бостириб келган эронлик Куруш номига битилган машҳур мактубини етказиб берган ҳам, албатта, элчидир. Афсуски, манбаларда унинг шахси аниқлаштирилмаган. Бироқ у қўрқмас ва ўз ишининг устаси бўлгани шубҳасиз. Акс ҳолда, ўзбек маликасининг дўқ-пўписаларга тўла хатини ёв ўчоғига етказиб боришни уддаламаган бўларди.
Ўтмишда элчилик юмушларини бажариш осон кечмаган. Узундан-узоқ йўлларда қатнаш, сувсизлик, очлик, жазирама иссиқ ёки қаҳратон совуққа чидаш, қароқчиларга чап бериш ёки уларнинг тилини топишга ҳар ким ҳам дош беролмаган. Нозиктабиат ҳукмдорлар, уларнинг амалдорлари кўнглини олишчи?! Бир неча ойдан бир неча йилларгача чўзилган сафарлар элчилардан кучли иродадан ташқари яна ўзга тилларни билиш, чуқур билим ва муомала санъатига эга бўлишни талаб этган. Ана шундай шахслардан бири XVIII асрда яшаган бухоролик савдогар, бир неча тиллар билимдони мулла Эрназар Мақсуд ўғли саналади.
Туркистонлик йирик савдогарлар ҳамда ҳожилар одатда уч йўналишда ҳаракат қилганлар: шимолий (Россия орқали), марказий (Эрон орқали) ва жанубий (Ҳиндистон орқали). Мавжуд сиёсий вазиятга қараб, айрим вақтларда карвонлар ва йўловчиларнинг бегона давлатлар ҳудудидан ҳаракатланиши учун рухсат берилган бўлса, айрим вақтларда эса таъқиқланган. Халқаро карвон йўлларидаги қатновнинг қандай бўлиши кўпинча расмий элчилар фаолиятига боғлиқ бўлган. XVIII асрда шимолий йўналишдаги савдо ва ҳаж карвонлари қатновига қароқчилар ҳужуми, божхоналарда узоқ вақт ушлаб турилиш, бож тўловларининг ошириб юборилиши, давлат ҳудудига кириш ёки ўтиб кетишнинг таъқиқланиши каби тўсиқлар Туркистон ҳукмдорлари ва ҳатто айрим йирик савдогарларнинг Россия императорлари билан музокаралар олиб боришга ундаган.
Мулла Эрназар икки минтақани боғлайдиган йўллардаги тўсиқларни бартараф этиш чораларини билган тадбиркор бўлган. Тарихий гувоҳликларга кўра, унинг иш битириш қобилиятидан ҳар икки томондан қатор ҳукмдорлар фойдаланганлар. Ундаги журъатни шундан ҳам билиб олиш мумкинки, Россия императорига Бухоро мусулмонлари номидан ўзи мактуб уюштирган ва Оренбург, Астрахан шаҳарлари ва Манғишлоқ (сув йўли) орқали Макка томон сафар қилишлари учун рухсат беришини сўрайди ва ижобий жавоб олади. Ҳолбуки, тарихий ҳужжатлар таҳлили 1751 ва 1762 йиллар оралиғида Туркистондан келган элчиларнинг бундай мазмундаги илтимослари рад этиб келинганини кўрсатади.
Тарихий далиллар мулла Эрназарнинг савдо иши билан ҳамда расмий элчи сифатида жуда кўп марта Россия императорлари ҳузурида бўлганини тасдиқлайди. Чунончи, у Елизавета Петровна (1741-1762), Петр III (1762), Екатерина II (1762-1796) каби императорлар билан музокаралар олиб боргани маълум. Унинг Бухоро амирлигининг амалдаги ҳукмдори Донёлбий (1758-1785) номидан 1774-1776 ва 1779-1780 йилларда икки марта Санкт-Петербургга бориши тафсилотлари тарихий ҳужжатларда тамғаланиб қолган.
Россия империяси Ташқи сиёсат архиви жамғармасида 1762 йилнинг 6 июнига доир ҳужжатда ёзилишича, мулла Эрназар Мақсуд ўғли 1745 йилдан бошлаб, йирик савдогар сифатида узоқ йиллар давомида Россияга ўз карвони билан қатнаб турган. Бошқача айтганда, у деярли 40 йил ичида Россия императорлари, айниқса, Екатерина II билан савдо иши юзасидан фаол ҳамкорлик қилган. Ўртадаги ишонч шу қадар кучли бўлганки, ҳатто у императорларнинг шахсий топшириғига биноан Бухоро, Ҳиндистон, Хуросон ва бошқа жойлардан уларнинг буюртмаларини келтириб турган. Бир тарихий расмий ҳужжатда қайд этилишича, императорларнинг қимматбаҳо тошлар учун қилган буюртмаси мулла Эрназарнинг ўз шахсий маблағи ҳисобидан сотиб олган. Бир сафар император ундан Туркистонда рус миллатига оид қулларни ватанига қайтаришда ёрдам сўраган. Мулла Эрназар ана шундай 21 қулни Бухоро, Хива шаҳарларида сотиб олиб, Россияга олиб борган.
Биринчи элчилик 53 кишидан иборат бўлиб, унинг таркибига мулла Эрназардан ташқари унинг ўғли Муҳаммад Шариф, мулла Араб, мулла Халил, мулла Бобошариф, юзбоши Аёзберди, шунингдек табиб, ошпазлар, нонвойлар, хизматкорлар, 9 та чолғучи, 10 та отбоқар кирган.
Ўртадаги ишончни, шунингдек, Россия ташқи савдо алоқаларининг катта қисми Туркистонга тўғри келишини ҳисобга олган Екатерина II мулла Эрназар билан ўзаро манфаатли келишувларни тузган, дейиш мумкин. Ўзбек элчиси мавжуд вазиятга тўғри баҳо бера олиш ва муаммоларни ҳал қилишда асосли қарор қабул қилиш қобилияти, шунингдек, икки мамлакатни боғлаган карвон йўлларидаги йўлтўсар тўдалар хавфини бартараф этишга доир яхши таклифлари билан императорни қойил қолдирган эди. Унинг айнан шундай таклифлари боис айрим йўлтўсар тўдаларга қарши кураш борасида самарали натижаларга эришилган.
Ақлли ва уддабурон савдогар туфайли Россиянинг Туркистон ва Ҳиндистон билан савдо алоқалари ривожланиши мумкинлигини тўғри англаган Екатерина II 1776 йилнинг 19 декабрида мулла Эрназарнинг Каспий орқали Манғишлоқ-Астрахан оралиғида қатнаб, савдони ривожлантириши учун 5 йил муддатга 10 минг рубль миқдоридаги савдони божсиз амалга ошириши учун рухсат беради. Ҳатто император унга Каспий денгизи орқали ўз молларини ташиши учун давлатга қарашли кемани ҳам совға қилади. Маълумки, Манғишлоқ-Астрахан оралиғида асосан рус кемалари қатнаб турган. Бу даврда туркистонлик савдогарлар Каспий денгизининг Манғишлоқдаги Қараған ва Қабоқли сингари бандаргоҳларида Россия кемалари келишини кутиб узоқ вақт қолиб кетар эдилар.
Мулла Эрназар битирган яна бир иш шундан иборат бўлганки, Россияда 15 000 пуд темир, 5 000 пуд пўлат, 3 000 пуд мис сотиб олиш ва бож тўловларисиз Бухорога жўнатишга ҳам рухсат ололган.
Мулла Эрназар 1779-1780 йилларда иккинчи марта Бухородан расмий элчи сифатида Россияга ташриф буюради. Бу гал ҳам ўғли Муҳаммад Шариф отаси билан бирга бўлгани маълум. Элчилик пайтида ҳаж сафари мақсадида усмонийлар давлати ерларига ўтишда бухороликларнинг Россия ҳудудида турли тўсиқларга дуч келмасликларини императордан рухсат сўрайди. Элчининг бу илтимосига ижобий жавоб қайтарилади, шунингдек, унинг пойтахтдан йўлга тушиб, Херсон орқали Қора денгизга, сўнг Истанбулга ўтиб кетиши учун ҳам барча шароит яратиб берилади (режага кўра мулла Эрназар Санкт-Петербургдан сўнг Истанбулга элчилик сафарини амалга ошириши лозим эди).
Ўзбек элчисига кўрсатилган ҳурматни шундан ҳам билса бўладики, рус ҳукумати томонидан унга битта таржимон, бир сержант ва уч оддий аскар кузатувчи сифатида бириктирилиб, 69 та от, озиқ-овқат, шунингдек харажатлар учун пул билан ҳам таъминланади. 1780 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мулла Эрназар усмонийлар бош вазири билан сиёсий, савдо, ҳаж масалаларида музокаралар олиб борган. Бироқ, у ўзининг шахсий ниятига – ҳаж амалларини бажаришга улгурмай, 1781 йилнинг сентябрида Маккага бориш йўлида касалга чалиниб вафот этади.
Гулдона Таниева,
Тарих институти катта илмий ходими,
тарих фанлари номзоди