Сомон қолдиқларини ёқиб юборишга йўл қўйилмайди
Сурхондарё вилоятида ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилди.
Сурхондарё вилоятида ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилди. Ҳа, демай бошоқли донни йиғиштириб олиш уюшқоқлик билан бошланади.
Пандемия инсониятни жиддий хавотирга солган серташвиш йилда ҳосилни юқори унумдор комбайнлар билан қисқа вақтда ўриб-янчиб, қабул масканларига етказиш учун 150 та махсус отряд ташкил этилиб, етарли ишчи кучи бириктирилди. Мавсумда 290 та ғалла ўриш комбайни, 1 минг 318 та дон ташиш техникаси, 150 та кўчма устахона, 82 та ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари иштирок этиши кутилмоқда.
Дон етиштириш учун об-ҳаво инжиқ келган бу йилги шароитда ҳам воҳадаги 2 минг 203 фермер хўжалиги 93 минг гектар майдонда ғалланинг ҳудуд иқлимига мос ва эртапишар навларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Эндиги вазифа мавжуд майдонларда пишиб қолган донни исроф қилмай, қисқа кунларда йиғиштириб олишга қаратилган. Бу жараёнда далаларни сомондан тозалаш, сомон поялари ва унинг қолдиқлари ёқиб юборилишининг олдини олиш ҳам мавсумда иштирок этувчи ҳар бир юртдошимиз зиммасига катта масъулият юклайди.
Шу мақсадда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, туман инспекциялари, ички ишлар идоралари ва ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, жойларда ҳосилдан бўшаган майдонларнинг сомон қолдиқларини тезкорлик билан йиғиштириб олиш ва ёқиб юбормаслик юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Мавсум олдидан фермер хўжалиги раҳбарлари, маҳаллалар раисларининг ўз ҳудудидаги ғалла майдонларида ўрим-йиғимни сифатли ташкил этиши, мавсумга жалб этилган комбайнчи, трактор ва автомобиль ҳайдовчиларидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига тўлиқ амал қилиши ҳамда ғалла майдонларини ёнғиндан сақлаш, ўрилган майдонларнинг сомонини ёқиб юбормаслик юзасидан тушунчалар берилиб, масъулияти оширилмоқда.
Маълумки, ғалладан бўшаган майдоннинг сомон қолдиқларини ёқиб юбориш экин майдонининг тупроқ структурасини кескин ўзгартиради. Атроф-муҳит мусаффолигига жиддий зарар етказади. Масалан, 1 гектар майдондаги бошоқли дон пояси ёқилганида атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 грамм ис гази ва углерод оксиди каби газ ташланади. Олов тафтидан тупроқ эрозияси кучайиб, ҳосилдорликнинг жиддий камайишига олиб келади.
Экин майдонларидан оқилона фойдаланиш ва теварак-атроф тозалигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилаётган мамлакатимизда сомон пояларини ёқиб юбориш ҳолатини содир этган шахслар учун тегишли жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган “Бошоқли дон экинлари пояси ва сомони ёқиб юборилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш ҳамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш бўйича Низом”да бу чоралар аниқ кўрсатиб қўйилган. Жумладан, бундай нохуш ҳолатга йўл қўйган ер эгалари, мансабдор шахслар ва фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима қўллашга сабаб бўлади.
Ғалла ўрим-йиғими олдидан жойларда ана шулар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилиб, мутасаддилар ва фуқароларнинг нафақат экологик балки, соҳага оид ҳуқуқий билимлари оширилаётир. Сайёрамизнинг кўплаб давлатларида экологик танглик кузатилаётган ҳозирги даврда ўзимиз яшаётган, яқинларимиз нафас олаётган атроф табиий муҳитни кўз қорачиғидек асраш барчамизнинг инсоний бурчимиз экани кенг тушунтирилмоқда. Бу борада олиб борилаётган барча ишларнинг мавсумни сифатли ва белгиланган қатьий қоидалар асосида ўтказиш, атроф-муҳит мусаффолиги ва экин майдонлари структурасини сақлаб, келажакда ҳам юртимизни арзон, тўйимли дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга йўналтирилгани аҳамиятлидир.
Қ.БЎРИЕВ,
Сурхондарё вилоят экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси
масъул мутахассиси