Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 20:57 Чоп этиш версияси

“Somon Air” самолёти Бухорода

“Somon Air” самолёти Бухорода Тожикистон Республикасининг “Somon Air” авиакомпаниясига тегишли “Боинг – 737 - 300” самолёти “Бухоро” халқаро аэропортига техник-танишув рейсини амалга оширди.

Шу муносабат билан ташриф буюрган меҳмонлар Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

Йўловчилар орасида қўшни мамлакат авиакомпанияси директорининг биринчи ўринбосари Суҳроб Жўраев бошчилигидаги компаниянинг бир гуруҳ масъул ходимлари, сайёҳлик фирмалари раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бор эди.

1.jpg

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида ижтимоий-иқтисодий, маданий, сайёҳлик ва бошқа йўналишларда алоқалар жадал ривожланмоқда. Бу Тожикистон Республикаси билан муносабатларда ҳам ўз ифодасини топаётир.

– Икки мамлакат ўртасида фуқароларнинг бир ой муддатга визасиз кириш тартиби жорий этилгани ҳар қанча таҳсинга сазовор иш бўлди, – дейди меҳмонлардан бири Мадина Ваидова. – Ортиқча расмиятчиликка ўрин қолмагани туфайли эндиликда фуқароларимиз ўзаро меҳмонга бемалол келиб кетади. Тўй ва турли маросимларда иштирок этади. Тожикистонда юртингиз, жумладан, Бухоронинг қадимий ёдгорликлари, зиёратгоҳларини кўриш истагида бўлганлар кўп. Яқин вақтларда Душанбе ва Бухоро шаҳарлари ўртасида самолёт қатнови йўлга қўйилиши мўлжалланаётгани айни муддаодир.

9 (1).jpg

Меҳмонлар Бухоронинг тарихий-меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди. “Бухоро” халқаро аэропортида яратилган қулайликлар, ҳаво лайнерларига кўрсатилаётган хизматлар тожикистонлик учувчиларда катта таассурот қолдирди.

Хорижий авиакомпания йўловчи самолётининг танишув рейси муваффақиятли ўтди. Уни кўзда тутилаётган мунтазам қатновларнинг ташриф қоғози, дейиш мумкин.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА