ЎзА Ўзбек

09.08.2018 13:31 Чоп этиш версияси

Солиқ тушумлари 24,2 триллион сўмни ташкил этди

Солиқ тушумлари 24,2 триллион сўмни ташкил этди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат бюджетига тушган солиқ тушумлари 24,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 143,1 фоиз кўп.

Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, бунда мамлакатда тадбиркорлик субъектлари сони кўпайгани муҳим роль ўйнаган. Айни пайтда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони қарийб 430 минг нафарни ташкил этмоқда. Ўтган йилга нисбатан тадбиркорлар сони 30 мингга ошган.

Фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони эса 195 мингдан 230 мингга етди.

Бюджетга тушумларни тармоқлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, кимё саноати тармоғида тушумлар 209 миллиард сўмни ташкил этди. Бу борада 187,3 фоиз ўсиш кузатилди.

Савдо корхоналаридан тушумлар 3,3 триллион сўм бўлиб, 170,7 фоиз ўсишга эришилди. Қурилиш соҳаси корхоналаридан тушган тушумлар эса 1 триллион сўмни ташкил этди ва 170,6 фоиз ўсишга эришилди.

Озиқ-овқат саноати корхоналаридан 833,5 миллиард сўм, умумий овқатланиш корхоналаридан 104,6 миллиард сўм, якка тадбиркорлар, маҳаллий тушумлар, бож ва йиғимлардан 2,9 триллион сўм даромад келди. Шу тариқа қарийб 1,5 баробар ўсиш таъминланди.

Бу рақамлар иқтисодиётимиз изчил ривожланаётгани, бюджетга тушумлар ўсаётганини кўрсатибгина қолмай, аҳоли даромадлари ва фаровонлиги ошаётганининг яққол далили ҳамдир. 

Н.Абдураимова, ЎзА
9 082