Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 13:26 Чоп этиш версияси

Солиқ тўловчининг ҳалоллиги қандай аниқланади? Солиқ таътилига чиқишнинг шартлари-чи?

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан белгиланган меъёрларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан 5 та қонунга, жумладан Солиқ кодексининг 16 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 7 та янги модда киритилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Хусусан, Солиқ кодекси ҳалол солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутадиган солиқ мониторинги жорий этилишини белгилаб берувчи янги Солиқ мониторинги боби билан тўлдирилди.

Бу солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келадиган вазиятларни бартараф этиш имкониятини беради.

Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчиларга – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Бундай солиқ тўловчилар охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб айни вақтда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган солиқ тўловчилар ҳисобланиб, солиқ таътиллари тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш кўринишида тақдим этилади.

ЎзА
3 127