Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 16:03 Чоп этиш версияси

Солиқ ставкаларидан хабардормисиз?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Солиқларни ўз вақтида тўлаш бурчимиз» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаш, ундириш ва мазкур солиқ турлари бўйича бериладиган имтиёзлар, бу борадаги сўнгги янгиликлар ҳақида сўз юритилди.

Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги қарорига асосан 2017 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз миқдорида белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлар бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,8 фоиздан 2,1 фоизгача, майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,5 фоиздан 2,9 фоизга оширилди.

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан зиёд турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 2,1 фоиз миқдорида белгиланди. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан, лекин 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб, икки баравар миқдорида ундирилади.

Ўзбекистон Қаҳрамони ва бошқа фахрий унвонларга сазовор бўлган, учала даражадаги "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган фуқаролар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, ўн нафар ва ундан ортиқ фарзанди бўлган аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлари, пенсионерлар, ёлғиз пенсионерлар, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар, қатор тоифа шахсларга нисбатан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлар бўйича имтиёзлар кўзда тутилган.

Ўн нафар ва ундан ортиқ фарзандли аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсионерларнинг 60 квадрат метрдан ошмайдиган кўчмас мулкига нисбатан имтиёзлар қўлланилади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
1 346






Все о погоде - Pogoda.uz