ЎзА Ўзбек

06.07.2018 17:13 Чоп этиш версияси

Солиқ сиёсати – барқарор тараққиётга хизмат қилади

Солиқ сиёсати – барқарор тараққиётга хизмат қилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, экспертлар ва мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар натижасида қисқа давр мобайнида соҳада мавжуд камчиликлар ва иш услублари танқидий қайта кўриб чиқилиб, янгилангани, бу йўналишда асосий эътибор амалий самарадорлик ва натижадорликка эришиш ҳамда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.

Депутатлар солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш ҳамда уларнинг йиғилувчанлигини ошириш борасида жиддий ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилаётганини қайд этган ҳолда, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида солиқ тизимида тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини қийнаётган муаммолар ҳамда ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигига ҳам эътибор қаратдилар.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг фармони айнан шу масалалар ечимига, хусусан, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этишга, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни, яъни солиқ юкини изчиллик билан камайтириш орқали миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга, бизнес юритиш муҳитини ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш ҳамда соғлом рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилишини айтиб ўтдилар.

Эътироф этилганидек, фармонда кичик ва йирик бизнес ўртасидаги солиқлар фарқини бартараф этиш, юридик шахсларнинг фойдасидан солиқ тўлаш принципларини жиддий ўзгартириш, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини пасайтириш ҳамда меҳнатга солиқ юкини кескин қисқартириш каби аҳоли даромадларини ошириш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Бу эса халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг тавсиясини қабул қилдилар.

И.Аҳатова, ЎзА
7 968