ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Солиқлардан боқиманда қарздорлик: кимга фойдаю, кимга зарар?

Солиқлардан боқиманда қарздорлик: кимга фойдаю, кимга зарар?

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар айниқса, солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳудудларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони ҳам хусусий сектор ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бироқ айрим ҳолларда, яратилган имкониятларга қарамай, тадбиркорлар томонидан солиқ тўлашдан қочиш ва бизнеснинг хуфиёна усулларидан фойдаланиш ҳоллари учрамоқда. Шунингдек, кўздан кечириш ва ўрганишлар жараёнларида солиқ қарздорликларини ҳам ундиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида Навоий вилояти солиқ органлари томонидан тадбиркорлардан 31 миллиард 821,7 миллион сўмлик солиқ қарздорликлари ундирилган.

Жумладан, Кармана туманидаги “Navoiy IES qurilish” унитар корхонасининг солиқ қарзи юзасидан Кармана туманлараро иқтисодий судининг жами 596,3 миллион сўмлик ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюроси томонидан хатланган “HOWO” русумли юк ташиш техникаси ва “Lacetti” автомашинаси аукцион савдо орқали сотилиб, корхонанинг 408 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилди. Қолган қарздорлик ҳам ижро варақаси асосида босқичма босқич ундирилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларидан мавжуд қарздорликларни қоплаш мақсадида туман ва шаҳар мажбурий ижро бюролари ҳамкорлигида таъсирчан механизмлар асосида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ойбек ЖЎРАҚУЛОВ,
Навоий вилоят ДСБ 
солиқ қарзини ундиришни
ташкил қилиш бўлими бошлиғи

4 536
ЎзА