ЎзА Ўзбек

20.07.2018 23:33 Чоп этиш версияси

Солиқлар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Солиқлар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади Термизда Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан солиқ қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар мазмун-моҳиятига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Вилоятдаги ташкилот-корхоналар, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва ҳисобчилари иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ мамлакатимизда солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

2.jpg

Ушбу ҳужжат иқтисодиётда солиқ юки даражасини камайтириб, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун солиқ юки даражасини пасайтириш, солиқларни унификация қилиш орқали уларнинг сонини камайтириш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга бўлган солиқларни бирлаштириш, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш ҳамда операцион харажатларни минималлаштиришнинг истиқболли йўлларини белгилаб берди.

– Бу вазифалар макроиқтисодий вазият барқарорлиги, мамлакатимиз давлат бюджети ва унинг даромадларини шакллантиришнинг мустаҳкамлигини таъминлайди, – дейди Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи М.Тоғаев. – Солиқ соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршилик ва зиддиятларни бартараф этади. Инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилади.

Шунга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб айрим турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар бекор қилинаётгани, солиқларни ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилаётгани бунга яққол мисолдир. Жумладан, жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки барча фуқаролар учун олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилаётир. Ана шу маблағнинг 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бу жараёнда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақи 4 баробари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинмоқда. Фуқароларнинг ижтимоий бадаллари бекор қилинаётир.

– Амалдаги тартибга кўра, тўрт босқичли даромад солиғи ставкасини ҳисоблаш бироз қийин кечаётган эди, – дейди Термиз шаҳридаги “Стройэкономуниверсал” хусусий корхонаси бош ҳисобчиси С.Ортиқова. – Янги йилдан бу жараён соддалаштирилиб, бир босқичли ставка белгилангани даромад солиғи тўловларини ҳисоб-китоб қилишни жуда енгиллаштиради, фуқароларнинг даромади ошишига хизмат қилади. Давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахслар тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинаётгани, олинадиган фойда солиғи ставкаси пасайтирилаётгани ва бошқа ўзгаришлар анчагина маблағни ихтиёримизда қолдиради. Бу маблағни корхонани янада ривожлантиришга сарфлашимиз мумкин бўлади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоят солиқ тўловларида 2019 йилда юз берадиган туб ўзгаришлар 270 миллирад сўм пулни тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қолдиради. Солиқ сиёсатини такомиллаштиришга йўналтирилган бу ишлар мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш ва аҳоли реал даромадларини ошириб, янада фаровон турмуш кечиришида муҳим омил бўлади.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш, солиқ юкини соддалаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
5 355