ЎзА Ўзбек

09.08.2018 19:49 Чоп этиш версияси

Солиқ хизмати ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда ёш тадбиркорлар олдида турган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ўтказилган тадбир ана шундай номланди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, Марказий банк шаҳар бош бошқармаси масъул ходимлари ҳамда пойтахтимизнинг барча туман давлат солиқ инспекциялари раҳбарлари иштирок этди.

2018 йил 1 январдан бошлаб кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши белгиланди.

Таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш мақсадида ташкил этиладиган шўъба корхоналари 2027 йил 1 августга қадар барча солиқлардан озод этилди.

Тадбирда ёш тадбиркорларга берилган солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, амалдаги Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтса, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан, фаолият турига қараб, қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Албатта бундай қулайликлар фаолиятини энди бошлаган ёш тадбиркорлар учун айни муддао бўлади.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 9 минг 926 нафар ёш якка тартибдаги тадбиркор ва 720 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 136 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари қатъий белгиланган солиқ бўйича жами 2,8 миллиард сўмлик имтиёзлардан фойдаланган.

Давлат дастури доирасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоизлик ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулк лизингга берилади.

Тадбирда ёш тадбиркорлар ўзларининг бизнес режалари тақдимотини ўтказди. Бундан ташқари, “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ҳамда “Ofis market” раҳбари Ҳусан Мамасаидов ўзларининг тажрибалари ҳақида ўртоқлашди ва ёш тадбиркорларга керакли тавсиялар берди. Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорларга фаолиятини қонунийлаштириш бўйича кўрсатилаётган амалий ёрдамлар ҳамда вақтини тунги клубларда ўтказаётган ёшлар ҳақидаги видео лавҳалар намойиш этилди.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳар бир ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбарларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва бошламоқчи бўлган 10 нафардан ёшлар бириктирилди. Раҳбарлар ўзларига бириктирилган тадбиркор ёшлар фаолиятида учраган барча муаммоларни ҳал этиб, оёққа туриб кетгунига қадар доимий равишда мулоқотда бўлиб, амалий ёрдам беради.



Муҳайё Тошқораева, ЎзА
5 780